7:39 | 20.07.22
NATO‘нинг собиқ бош қўмондони прогноз эълон қилди
Россиянинг Украинага қарши уруши 4-6 ой ичида тугаши ва Корея урушига ўхшаш «музлатилган можаро» билан якунланиши мумкин. Бу ҳақда NATO’нинг собиқ бош қўмондони Жеймс Ставридис «Business Insider»га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, можаро «ҳар икки томонни ҳам бостириб қўйгани» кундек равшан.
«Украиналиклар жуда кучли қаршилик кўрсатмоқда. Владимир Путиннинг ҳарбий режалари унчалик самарали бўлмади. У можаро бошланганига нисбатан кичик ҳудудга эга бўлди. Кўряпманки, бу Корея урушининг тугаши каби бўлади – яъни сулҳ, икки томон ўртасида ҳарбийлаштирилган ҳудуд, душманлик, ўзига хос музлатилган можаро. Тўрт ойдан олти ойгача давом этиши кутилмоқда. Ҳеч бир томон бундан ортиғига дош беролмайди», — деган Ставридис.
Расмийнинг қўшимча қилишича, Украинага «ўқ-дорилар, таъминот, бошқа логистика, қўмондонлик ва назорат каби нишонларни» уриш учун кўпроқ вақт керак.
Корея уруши 1950-1953 йилларда Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида бўлиб ўтган, ўша пайтдаги Совет Иттифоқи Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлаган, Жанубий Кореяга эса АҚШ ёрдам берган.
Икки давлат ўртасидаги можаро 1953 йил июл ойида қуролсизланган ҳудудни яратган сулҳ билан тўхтатилди. Бироқ кейинги йилларда ҳеч қандай расмий тинчлик шартномаси имзоланмагани сабабли, икки давлат техник жиҳатдан ҳали ҳам уруш ҳолатида.
Аввалроқ Путин NATO’ни Швеция ва Финляндияда база ўрнатишдан огоҳлантирганди. Шунингдек, Медведев Украина NATO’га қўшилса, Учинчи жаҳон уруши бошланишини айтганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: