8:06 | 29.07.22

                       

Қозоғистон мамлакатдан кўмир олиб чиқишни тақиқламоқчи

Ўзбекистонга кўмир экспорти 30 фоизга ошган

Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги мамлакатдан кўмир олиб чиқишни тақиқлашни назарда тутувчи буйруқ лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда «Zakon.kz» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, тақиқ аҳолини кўмир билан таъминлаш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш бўйича шов-шувларга барҳам бериш учун 1 августдан жорий этилиши кутилмоқда.

«Қозоғистон ҳудудидан олти ой муддатга автомобиль орқали тош кўмири, брикет, гранула ва кўмирдан олинадиган шунга ўхшаш қаттиқ ёқилғи турларини экспорт қилиш тақиқланади», дейилади ҳужжатда.

Вазирликнинг таъкидлашича, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари маълумотлари асосида 2022–2023 йилларга мўлжалланган ички эҳтиёжлар ва аҳолининг кўмир маҳсулотларига бўлган талаби режаси шакллантирилган. Режага кўра, кўмир истеъмол қилиш ҳажми қарийб 9,6 миллион тоннани ташкил этади, шундан 2,6 миллион тоннаси давлат секторига, 7 миллион тоннаси аҳолига тўғри келади.

Шу билан бирга, вазирлик 2021 йил сентябрида ҳавонинг кескин совиши муносабати билан республиканинг марказий ва шимолий ҳудудларида кўмирга талаб кескин ошганини айтган. Ушбу вазиятдан фойдаланиб, кўмирни сотиб олишнинг энг юқори даврида айрим сотувчилар кўмирга ўзларининг нархини қўшган, яъни 13 минг тенгага ҳарид қилиб, бир тоннасини 30 минг тенгегача сотган. Бу эса аҳолига салбий таъсир кўрсатган.

«Таҳлиллар шуни кўрсатадики, қўшни давлатларга кўмир экспорти, хусусан, Қирғизистонга – 19 фоизга, Ўзбекистонга – 30 фоизга ошган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Германия Россиядан кўмир ва нефть сотиб олишни тўхтатиши маълум қилинганди. Шунингдек, Швеция парламенти нефть, кўмир ва газ қазиб олишни тақиқлаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: