11:30 | 30.07.22

                       

«Қумтор» олтин кони тўлиқ Қирғизистон назоратига ўтди

Лондонда бу бўйича тегишли ҳужжатлар алмашинуви бўлди

Қирғизистон «Қумтор» олтин конини топшириш жараёни якунланганини эълон қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Акчабар.kg»

Мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчихонасида 29 июль куни «Қумтор»нинг Қирғизистон мулкига ўтиши жараёнини тасдиқловчи ҳужжатларни алмашиш тартиби бўлиб ўтган.

Элчихона ҳудудида томонларнинг халқаро ҳуқуқий вакиллари ва эскроу агенти иштирокида Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Улан Жусуповга ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами, жумладан, «Kumtor Gold Kompany» ва «Kumtor Operating Company» акцияларининг 100 фоизи «Қирғалтин» ОАЖ фойдасига эгалик ҳуқуқини тўлиқ ўтказишни рўйхатдан ўтказиш учун барча зарур далолатномалари, ишончномалар ва гувоҳномалар топширилган.

Қайд этилишича, президент Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасига конни миллий қонунчиликнинг барча талаблари ва халқаро стандартлар асосида самарали ўзлаштиришни таъминлаш бўйича топшириқ берган. Эришилган келишув, жумладан, қуйидаги пунктларни ўз ичига олади:

  • «Қумтор» кони тўлиқ республика мулкига ўтади, Қирғизистон эса 2021 йил 15 майдан конда қазиб олинган олтиннинг эгаси сифатида тан олинган;
  • «Centerra» 11 миллион доллар атрофида дивидендлар тўлайди;
  • Қирғизистон томонига 50 миллион доллар миқдорида бир марталик тўлов келишиб олинди;

Қирғизистон «Қумтор»нинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини (тахминан 53 миллион доллар) бошқаришни ўз қўлига олади, бу маблағ ҳам Қирғизистон банкларидан биридаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.

«Centerra» Қирғизистон томонига нисбатан қўзғатилган барча суд жараёнларини тугатмоқда: АҚШда (27 июлда тугатилган), Швеция ва Канадада (даъволарни қайтариб олиш тўғрисидаги хатлар 28 июлда юборилган).

Қумтор конини ўзлаштириш билан 1990 йиллар бошидан бери Канаданинг «Centerra Gold Inc.» корпорацияси шуғулланиб келганди.

Аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ бош вазири «Қумтор» иши бўйича ҳибсга олинганди. Шунингдек, мамлакат собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков «Қумтор» олтин кони бўйича сўроқ қилинган. Яна бир собиқ президент Асқар Акаев ҳам шу иш юзасидан сўроқ учун мамлакатга келган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: