20:04 | 16.09.22

                       

ШҲТ доирасида кибержиноятчиликка қарши кураш платформасини яратилади

Ташкилот учун кибертерроризмга қарши туриш аҳамиятлари маълум қилинди

Глобаллашув шароитида кибержиноятчилик шахс, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи энг хавфли ҳодисага айланмоқда. Шу боис кўплаб ташкилотлар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳам ушбу соҳада самарали ҳамкорликни таъминлашга интилмоқда.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директорининг ўринбосари Абдулазиз Расулевнинг маълум қилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида кибержиноятчиликка қарши кураш платформасини яратиш масаласи муҳокама қилинган.

Бирлашган миллатлар ташкилоти рақамли технологияларни «барча 17 барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг самарали воситаси» деб номлагани бежиз эмас. Рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда глобал ривожланиш рақамли келажак деб айтилишида ҳам мажозий маъно бор.

Нуфузли жаҳон эксперт ва таҳлил доираларининг маълумотларига кўра, 2015 йилда кибержиноятчиликдан кўрилган зарар қарийб 3 триллион долларни ташкил этган. 2025 йилга бориб бу зарар 10,5 триллион долларга етиши тахмин қилинмоқда. Таққослаш учун, бу кўрсаткич ҳажми бўйича 2021 йилдаги Германия ва Япония ялпи ички махсулоти қийматидан ошиб кетади, бу дунё ялпи ички махсулотининг 10 фоизига тенг.

Фақатгина 2021 йил охирига келиб, Интернетда 60 миллион ҳуқуқбузар томонидан бир миллиардга яқин ҳуқуқбузарлик қайд этилди, бу Швейцария, Швеция, Бельгия ва Португалия аҳолисидан кўпроқ. Умуман олганда, «Араб баҳори» воқеалари тарихи, «Исломий Давлат» фаолияти рақамли технологиялардан зарарли фойдаланиш мумкинлигини кўрсатади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида кибержиноятчиликка қарши курашиш масаласи илк бор 2009 йилда ҳужжатлаштирилган. Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим қабул қилинган. Ушбу шартномада олтита асосий таҳдид аниқланди, улар орасида ахборот жинояти алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор ташкилоти ҳам доимий орган сифатида кибертерроризмга қарши курашда томонларнинг ваколатли органларини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик қилишга кўмаклашувчи айрим саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани таъкидланган.

Ушбу масалани янада самарали ҳал қилиш учун алоҳида платформани яратиш керак. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида кибержиноятчилик ҳолатини таҳлил қилиш ва ахборот алмашиш, миллий даражада кўрилаётган профилактика ва тезкор чора-тадбирларни баҳолаш, шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун махсус тренинглар ўтказиш учун Кибержиноятчиликка қарши кураш бўйича ўзига хос Мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилиши кераклиги айтилган.

Ўзбекистон кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича фаол мавқега эга экани, бутун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамжамиятини ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги жиноятлар сонининг кўпайиши, киберхавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва таҳдидларнинг кучайиши борасида катта ташвиш уйғотаётганини таъкидлаган.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ШҲТ давлатларини тиббиёт соҳасидаги кенгайтирилган ҳамкорликга чақиргани, ШҲТ таркибида шу масала билан шуғилланувчи ишчи гуруҳ ташкил қилиниш масаласини илгари сургани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: