10:04 | 03.10.22
Қайд этилишича, Финляндия ва Швеция айнан шу йўлдан кетмоқда
Украина НАТОга аъзолик бўйича худди Финляндия ва Швеция каби Ҳаракатлар режасини бажармасдан қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Украина президентининг офиси хабар берди.
Президент офиси раҳбарининг ўринбосари Игорь Жовкванинг таъкидлашича, Украина НАТОга аъзолик бўйича Ҳаракатлар режасини бажармасдан қўшилиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Марказий ва Шарқий Европадаги 9 та давлат президентларининг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш борасидаги аризасини Украинанинг НАТО аъзолигини қўллаб-қувватлаш дея талқин қилса бўлади.
«Ҳаммаси оддий. Ҳақиқатан ҳам Бухарест саммитининг қарори бор, у ҳеч қаерга йўқолмаган бўлиб, унда Украина НАТО аъзосига айланиши ёзиб қўйилган. У ерда қачонлиги ёзилмаган. Унда қайд этилишича — Украина НАТОга аъзо бўлади, биринчи босқич ёки босқичлардан бирида унга аъзолик бўйича Ҳаракатлар режаси тақдим этилиши керак. Ариза 2008 йилги. Шундан буён қанча йил ўтганини, айниқса, Россия томонидан Украинага қарши очиқдан-очиқ тажовуз бошланганидан бери вазият қандай ўзгарганини кўриб турибмиз», — дейди Жовква.
Унинг қўшимча қилишича, НАТО саммитларининг Украинани аъзоликка қабул қилиш борасидаги барча қарорлари амалда.
«Айтганча, Бухарест саммитининг баёноти 2022 йилда ўтказилган Мадрид саммитида тасдиқланган, унда НАТОнинг янги Стратегик концепциясида яқин 10 йил ичида Украина ташкилот аъзосига айланиши қайд этилган», — дейди масъул.
«Бугунги кунда икки давлат — Швеция ва Финляндия НАТОга Ҳаракатлар режасисиз қўшилиш йўлида кетаётганини кўриб турибмиз. Украина бу жараённи диққат билан кузатяпти ва аслида Ҳаракатлар режасисиз мумкин эмас деган нарсани амалга оширса бўлиши намоён бўлмоқда. Украина жума куни берган аризасида шуни назарда тутган… Украина ҳам шу йўлга боришда қарши эмас», — дейди Жовква.
Эслатиб ўтамиз, 30 cентябрь куни Путин Украинанинг тўрт вилояти Россия таркибига қўшилиши ҳақидаги келишувни имзолаганидан сўнг Зеленский мурожаат билан чиққанди. Украина раҳбарининг айтишича, Киев НАТОга тезлаштирилган альянсга кириш учун ариза берган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: