11:12 | 11.11.24
Қозоғистонда аёлини ўлдирган собиқ вазир Бешимбаев колонияда йўқлиги, жазони ижро этиш ўрнига чет элда юргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Қозоғистонда турмуш ўртоғини ўлдирганлик учун 24 йилга ҳукм қилинган Куандик Бишимбаев ўзига белгиланган жойда жазони ўтамаётгани, қочиб кетгани ҳақидаги маълумотлар тарқала бошлади. Жиноий жазони ижро этиш тизими қўмитаси ҳолат бўйича изоҳ берди.
Собиқ вазирнинг «ғойиб бўлиши» ҳақида АИРАН ахборот ресурси журналистлари хабар берган. Уларнинг маълумотларига кўра, суддан сўнг Бишимбаев Аршали қишлоғи яқинидаги колонияга жўнатилиши керак эди. Канал суратга олиш гуруҳи яқинда у ерга бориб, маҳкумнинг ҳақиқатан ҳам ўша ердалигини текширмоқчи бўлди, аммо уни топа олмади.
Шу заҳоти ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилиб, собиқ амалдор аллақачон озодликда, чет элда экани ҳақида тахминлар пайдо бўла бошлади. Масъул ташкилот маҳбуснинг қочгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
«Бу маҳкум максимал хавфсизлик муассасасида жазони ўтамоқда. Маълум қиламизки, ёлғон маълумотлар тарқатилганлиги сабабли жиноий иш қўзғатилиб, айбдорлар жавобгарликка тортилади», дейилади баёнотда.
Баъзи манбаларнинг хабар беришича, ёлғон маълумот тарқатиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланиб, 24 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳамда воқеалар хронологияси бўйича материал эълон қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: