9:27 | 03.12.24

                       

ТИВ Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги виза муаммоларига ечим қидирмоқда

2 декабрь куни ТИВ раҳбарияти БАА элчиси билан сўнгги кунларда ўзбекистонликларнинг БАА ҳудудига киришда дуч келган қийинчиликларни муҳокама қилди.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги элчиси Саид Матар ал-Қамзий билан учрашув ўтказди. Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантиришдан ташқари, ўзбекистонликларнинг БАА ҳудудига киришда учраётган муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон фуқаролари охирги кунларда Абу-Даби ва бошқа шаҳарларда тушунарсиз сабаблар билан мамлакат ҳудудига киритилмаётгани юзасидан бир қатор шикоятлар билдирган. ТИВ маълумотига кўра, вазиятни тезда ҳал этиш учун тегишли чоралар кўришга келишиб олинди.

30 ноябрь куни Тошкент—Абу-Даби йўналиши бўйича учиб келган 31 нафар ўзбекистонлик Абу-Даби халқаро аэропортида қўйиб юборилмаган эди. Уларнинг айримлари чипта сотиб олиб, ўз ҳисобидан Тошкентга қайтишга мажбур бўлди. БАА расмийлари вазият юзасидан расмий изоҳ бермаган, бироқ Ўзбекистон элчихонаси билан дипломатик мулоқот давом этмоқда.