14:42 | 20.01.23

                       

Ангрен прокурори мактабда қорлар тозаланмагани учун ўқитувчиларни «маошларини бекорга олаётганликда» айблади

Ангрен прокурори мактаблардан бирига текшириш учун келиб, қордан тозаланмаганидан норозилигини билдиргани ва ўқитувчилар маошларини беҳуда олаётганини таъкидлаган видео тарқалди. Шундан кейин ўқитувчилар мактабни қордан тозалашга киришган. Мактабгача ва мактаб таълими вазири эса ҳолат бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилганини ёзди

Ангрен шаҳри прокурори мактаблардан бирига текшириш учун келиб, йўллар қордан тозаланмаганидан норозилигини билдиргани ва ўқитувчилар маошларини беҳуда олаётганини таъкидлаган видео тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳолатга муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

«Мана, 22-мактабдамиз. Умуман қордан тозаланмаган. Икки—уч кундан кейин мактаб бошланади, умуман тозаланмаган, ўқитувчилари ҳам йўқ. Ойлик олиб ётишибди бекордан-бекор. Ҳамма мактаб ўзига хулоса қилсин. Тўртта сектор юрибмиз, мана. Ҳоким бош, ‘начальник мелисамизʼ…», — деган у.

Шу билан бирга, прокурор «Салим ака» ва «Алижон ака» деган фуқароларга мурожаат қилиб, хулоса қилишга, бўлмасам, «биз хулоса қиламиз», дея таҳдид қилган.

Кўп ўтмай блогер ва журналист Никита Макаренко ўзининг Telegram каналида мактабдаги ўқитувчилар ушбу ҳудуддаги қорларни тозалаётгани акс этган суратларни жойлаган.

Фото: Telegram / «Эффект Макаренко»

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ушбу вазият Бош прокуратура томонидан назоратга олинганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган вазият юзасидан Бош прокуратура раҳбарияти билан гаплашдим, ҳолат айни дамда назоратга олинган ва ўрганилмоқда. Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан педагог ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини эслатиб ўтаман.

Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис барчадан жумладан мутасадди раҳбарларимиздан бугун давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, бу борада энг аввало ўзимиз ўрнак кўрсатишимизни сўраб қоламан», — деб ёзади Умарова.

Аввалроқ Саида Мирзиёева ўқитувчилар зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни тўхтатишни сўрагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинганди. «Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи ‘массовка’, матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди», — деган эди Саида Мирзиёева.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: