15:57 | 14.11.24

                       

АҚШ Самарқанддаги Регистон майдонини сақлаш учун 500 минг доллар ажратади

Вашингтонда ўтказилган АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқоти доирасида иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, маданий меросни ҳимоя қилишга қаратилган янги ташаббуслар эълон қилинди.

13 ноябрь куни Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда АҚШ Давлат департаменти Самарқанддаги Регистон майдонининг архитектурасини сақлаб қолиш ва консервация қилиш ишлари учун 500 минг доллар ажратишини маълум қилди. Маблағ «АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси» орқали тақдим этилади.

Мулоқотда қуйидаги масалалар кўтарилди:

  • Иқтисодий ҳамкорлик: Қимматбаҳо қазилмаларни қазиб олиш ва табиий газ инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо ва инвестицияларни диверсификация қилиш;
  • Хавфсизлик: Мудофаа, чегара хавфсизлиги ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш;
  • Инсон ҳуқуқлари: Эркинликлар, хусусан, ўзини ифода этиш ва эътиқод қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон ислоҳот дастурини қўллаб-қувватлаш.

АҚШ ўз баёнотида Ўзбекистоннинг Божхона соҳасида ўзаро ёрдам тўғрисидаги сентябрь ойида имзоланган битимини олқишлади. Томонлар минтақавий хавфсизликка таҳдидларга қарши ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.

Шунингдек, АҚШ томони Самарқанднинг ноёб маданий ва тарихий қимматини намоён этувчи объект ҳисобланган Регистон майдони архитектурасини асрашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Ажратиладиган 500 минг АҚШ доллари консервация ишларини молиялаштириш билан бирга, Ўзбекистоннинг минтақадаги маданий меросни сақлашдаги етакчилигини рағбатлантиради.

АҚШ-Ўзбекистон мулоқоти икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада кучайтириш билан бирга, маданий меросни сақлашда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини кўрсатади.

АҚШ-Ўзбекистон кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши 2025 йилда Тошкентда бўлиб ўтади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: