19:50 | 16.01.24

                       

Бўка тумани ҳокими аризасини ёзди

Ҳокимликка Бахтиёр Бегматов янги раҳбар этиб тайинланди.

Бугун, 16 январ куни Халқ депутатлари Бўка тумани Кенгашининг навбатдан ташқари 86-сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Сессия кун тартибида туманнинг собиқ раҳбари Низомиддин Аббосов соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилганлиги қайд этилди.

Фото: Низомиддин Аббосов

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев томонидан Бўка тумани ҳокими лавозимига Бегматов Бахтиёр Пахриддинович номзоди тавсия этилди.

Фото: Бахтиёр Бегматов

Бегматов 1976 йилда Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. Маълумоти – олий. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2001 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

У фаолияти давомида Нурафшон шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Тошкент вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Тайинловга қадар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари-маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, туманнинг собиқ раҳбари Низомиддин Аббосов 2020 йил 18 февралдан буён Бўка ҳокими вазифасида фаолият юритиб келаётганди.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Бош вазирга саккизта туман ҳокимининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилишни топширгани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: