21:00 | 17.03.22
@bugunoqshomi — Бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг муҳим ва сара хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Бугунги дайжестимизни куннинг узоқ кутилган ва муҳим хабари билан бошлаймиз. Ўзбекистон Донецк ва Луганскни тан оладими? Бу савол деярли бир ойдан буён кўпчиликни ўйлантириб келаётган эди. Ниҳоят бугун барчаси аниқ бўлди. Тарафимизни аниқладик. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенатнинг 17 март кунги йигирма тўртинчи ялпи мажлисида Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий амалиёт ва Ўзбекистоннинг Донецк ва Луганск бўйича позициясини билдирди.
«Ўзбекистон тарихан ҳам Россия, ҳам Украина билан миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда манфаатларни давом эттириб келади. Россия билан стратегик, шерикчилик алоқаларга эгамиз. Шунингдек, Украина билан ҳам кенг иқтисодий ҳамкорлик амалга оширилган.
Хусусан, 2021 йилда Украина билан 704 миллион АҚШ доллардан зиёд кўрcаткичга етди. Биз бугунги оғир кунларда ёрдам берамиз ва буни инобатга олаиб келишувларни давом эттиарамиз.
Бундай воқеаларни муносабат билдиришда Ўзбекистон Укранинианинг мустақиллиги, суверенитет ва ҳозирги яхлитлигини тан олади, Донецк ва Луганскни тан олмаймиз», — деди вазир.
Яна бир муҳим хабар Марказий Банк билан боғлиқ. Марказий банк асосий ставкани йиллик 17 фоиз этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Маълум бўлишича, Марказий банк бошқарувининг йиғилиши ўтказилганди. Унда асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ўзбекистонда машҳурларнинг дори воситалари рекламасида иштироки тақиқланади. Сенатнинг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун билан машҳурларнинг дори воситалари рекламасида иштироки тақиқланиши белгиланди.
Маълум қилинишича, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, бугунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шунингдек, ушбу соҳа қонундан ташқари яна 3 та идоравий ҳужжат билан ҳам тартибга солинмоқда.
Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда. Хусусан,
Бундан ташқари, қонунда дори воситалари рекламасига қатъий талаблар ўз аксини топган. Эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси маъқулланди. Сенатнинг 17 март кунги йигирма тўртинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун маъқулланди.
«Меҳнат қонунчилиги жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун долзарб ҳаётий аҳамиятга эга. Шу маънода янги таҳрирдаги кодекс жуда муҳим ҳужжат. Унда замонавий меҳнат муносабатлари билан боғлиқ барча жиҳатлар инобатга олинган.
Меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнат тушунчалари халқаро меъёрлар ва тавсияларга (ХМТ) мос тарзда ёритилган. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ёки ногирон болалари бўлган ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга, битирувчиларга, ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, жазодан озод қилинганларга, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар белгилангани эътиборга молик», — деди Сенат раиси Танзила Норбоева.
Таъкидланишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилган.
Тошкент вилояти Бекобод туманида 11 март куни бир гуруҳ эркаклар ўртасида муштлашув содир бўлди.
Маълум бўлишича, воқеа соат 11:30 атрофида туманнинг «Қорақўйли» МФЙ ҳудудида содир бўлган. Аниқланишича, 1991 йилда туғилган Ф.М. таниши Й.Х. билан келишмовчилик сабаб жанжаллашиб қолган.
Оқибатда Й.Х. тан жароҳати билан туман марказий шифохонасига мурожаат қилган ва воқеа ҳақида икки нафар ўғлига хабар берган. Шунингдек, фуқаро Ф.М. ҳам яқинларига хабар берган.
ИИБ ходимлари шифохона ҳовлисида 7 нафар фуқаро ўртасида юзага келган низоли вазиятни бартараф этиб, хизмат вазифасини бажарган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Telegram ижтимоий тармоғида Шавкат Мирзиёев номига ўзбекистонликлар учун ёрдам пули тарқатиладиган сохта бот яратилди.
Маълум бўлишича, ушбу ботда аҳолига бир марталик 300 минг сўм миқдорда ёрдам пули тарқатилиши айтилган. Шунингдек, ботни ишга туширган фуқаролардан ҳаволани тарқатиш ҳамда шахсга доир маълумотларни киритиш сўралади.
«Фуқароларни бу каби фейк маълумотларга алданиб қолмасликка ҳамда огоҳ бўлишга чақирамиз», — дейилади хабарда.
Россия ҳарбийларининг тўртта танк десант кемаси 16 март куни Япония шимоли-шарқидаги бўғоз орқали ҳаракатланаётгани аниқланди.
Келтирилишича, Япония мудофаа вазирлиги бу бўйича маълумот берган. Кемалар Украинага қўшин ва жанговар транспорт воситаларини ташишга мўлжалланган бўлиши мумкинлиги илгари сурилган. «Кемалар Цугару бўғози орқали Тинч океанидан Япония денгизига ўтган», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 16 мартда Россия десант кемасининг транспорт воситаларини олиб кетаётгани акс этган сурат эълон қилинган. У Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларининг бирлашган штаб-квартирасидан олинган.
АҚШ Сенати Россия президенти Владимир Путинни ҳарбий жиноятчи сифатида қораловчи резолюцияни қабул қилди.
Маълум қилинишича, республикачи Линдси Грэм тақдим этган ҳужжат ҳар икки партия вакиллари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган. Қонун кучга эга эмас, лекин бу Оқ уйнинг Россия агрессиясига нисбатан қаттиқ позициясини сиёсий қўллаб-қувватлашини билдиради. Сенат Путин давридаги Россия қуролли кучлари томонидан содир этилган «зўравонлик, уруш, инсониятга қарши жиноятлар»ни кескин қоралаган.
Таъкидланишича, резолюция Гаагадаги Халқаро жиноий суд ва бошқа давлатларни Россия режимининг Украинага бостириб кириши пайтида содир этган ҳарбий ҳаракатлари юзасидан тергов олиб боришга чақиради.
«Биз барчамиз демократлар ва республикачилар билан бирлашиб, Владимир Путин Украина халқига қарши содир этган ҳаракатидан қочиб қутула олмаслигини билдирдик», — деган Сенатдаги Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: