19:00 | 14.12.21

                       

Bugun Science. Атоқли кимё. Даврий жадвалдаги киши номлари билан боғлиқ элементлар ҳақида беш дақиқалик мутолаа

Bugun.uz колумнисти ушбу кимёвий элементлар ҳақида маълумот беради

5 сониялик факт: даврий жадвалда 14 та элементнинг номи атоқли шахслар шарафига қўйилган атоқли отлардан иборат.

Фото: «KP»

Мулоҳаза учун 55 сония: Bugun Science рукнидаги аввалги мақоламизда кимёвий элементлар ичидан номи турли географик объектлар билан боғлиқлари ҳақида сўз юритган эдик. Бу сафар эса шахслар билан боғлиқ элемент номлари ҳақида суҳбатлашмоқчимиз.

Шахсларнинг номини абадийлаштириш анъанаси кимё фанида ҳам мавжуд бўлиб, даврий жадвалга эътибор қаратсангиз, бир нечта элементнинг номи муайян кишиларнинг исм-шарифидан келиб чиққанлигини кўриш мумкин. Албатта, ушбу элемент номларининг аксарияти илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган олимлар шарафига номланган. Уларнинг аксарияти кимёгарлар экани ҳам ажабланарли эмас, албатта. Лекин исми ёки фамилияси даврий жадвалдаги элемент номига тиркалган шахслар ичида нафақат кимёгарлар, балки физиклар, астрономлар ва ҳатто ҳарбийлар ҳам бор!

Асосий қисм, 4 дақиқа: Номи даврий жадвалга тиркалган энг биринчи шахс бу рус ҳарбий тоғ муҳандислари штаби бошлиғи, полковник Василий Самарский бўлган эди. У ХIХ асрнинг 40-йилларида Урал тоғларидаги экспедицияда иштирок этган. Ушбу экспедиция пайтида полковник Урал тоғларида учрайдиган турли қизиқарли тошларни ва минералларни тўплаб борган ва шундай минераллардан бирини немис кимёгари Генрих Розенга тадқиқот учун тақдим қилган. Розен ушбу минерални шартли равишда полковник фамилияси билан самарскит минерали деб номлаган. Мазкур минерални эса орадан деярли эллик йил ўтиб, аниқроғи, 1879 йилда француз кимёгари Лекок де Буабодран кимёвий анализ қилган ва унинг ичидан янги кимёвий элементни кашф қилган. Натижада, янги кашф қилинган элементга бир замонлар тоғдан унинг минералини келтирган ва эндиликда аллақачон марҳум бўлган ҳарбий — Василий Самарский номи берилган эди. Даврий жадвалда 62-рақам билан қайд этилган самарий элементи шу тариқа, реал инсон номи билан номланган биринчи кимёвий элементга айланган.

Даврий жадвалдаги 64-рақамли элемент — гадолинийнинг номи эса финляндиялик минералогист олим Юхан Гадолин билан боғлиқ. Айнан Юхан Гадолин 1794 йилда Швециядаги Иттербю қишлоғи яқинидан қора рангли минерал топиб олган эди ва унинг таркибидан фанга номаълум бўлган металл оксидини ажратиб олганди. Ушбу металлнинг ҳақиқатан ҳам янги кимёвий элемент эканини эса орадан деярли бир аср муддат ўтиб — 1879 йилда яна ўша фаранг олими Лекок де Буабодран тасдиқлаган ва кашфиётга унинг илк тадқиқотчиси — Гадолин номини берган.

Кимёвий элементларга берилган кейинги атоқли номлар эса асосан ХХ асрда ядро физикаси ривожланиши ўлароқ кашф қилинган трансуран оғир элементлар қаторида кўзга ташланади. Чунончи, даставвал 1952 йилда АҚШ ҳарбийлари амалга оширган термоядро портлаши синовларидан кейин қолган ядровий парчаланиш маҳсулотларидан иккита сунъий радиоактив элемент кашф этилган бўлиб, уларга мос равишда фермий ва эйнштейний номлари берилган. Бу ҳам бўлса, ХХ асрнинг энг буюк икки физик олими – Энрико Ферми ва Альберт Эйнштейн шарафига қўйилган номдир.

Кимё тарихидаги энг йирик фан намояндаларидан бўлган поляк олимаси Мария Склодовская-Кюри шарафига эса 1944 йилда АҚШда кашф қилинган яна бир элемент — кюрий номланган. Уни ўша пайтлардаги ядро физикаси ва кимё фанларининг энг илғор илмий мактаби асосчиси Гленн Сиборг плутонийни гелий ядролари билан бомбардимон қилиш тажрибаси асносида олишга муваффақ бўлган.

Даврий жадвалдаги 101-элемент эса ушбу даврий жадвалнинг муаллифи шарафига номланган. Сезганингиздек, у менделеевий деб номланади. Қизиғи шундаки, менделеевий элементини рус кимёгарлари эмас, балки яна ўша Гленн Сиборг бошчилигидаги АҚШ олимлари кашф қилган.

102-рақамли элемент эса швед кимёгари, Нобель мукофоти таъсисчиси Альфред Нобель шарафига номланган. Ушбу элемент кашф қилингани ҳақида даставвал 1957 йилда швециялик олимлар хабар қилишганди. Шу сабабли ҳам унга ўз ватандошларининг номини беришган. Лекин, кейинчалик, улар олган натижа янглиш экани ойдинлашган ва 102-элементни 1966 йилда СССР олимлари ростмана олишга муваффақ бўлишган. Шу сабабли ҳам ушбу элементга ном бериш борасида дастлаб анча баҳсли ҳолатлар юзага келган. Чунки СССР кимёгарлари ўзлари олган янги кимёвий элементга жолиотий деб ном беришга қарор қилишган эди. У француз кимёгари Фредерик Жолио шарафига номланиши кўзда тутилган бўлган. Лекин, охир-оқибат, халқаро амалий ва назарий кимё иттифоқи (IUPAC) нобелий номини тасдиқлаган.

103-элемент эса ядро физикасига улкан ҳисса қўшган америкалик олим Эрнест Лоуренс шарафига номланган. Бу элементни 1961–1971 йиллар орасида ҳам АҚШда (Беркли лабораториясида), ҳам СССРда (Дубнада) синтез қилинган бўлиб, ўша пайтлар ушбу икки мамлакат орасида ҳар бир жабҳада, жумладан, илм-фанда ҳам ўзаро рақобат ва совуқ уруш айнан авжига чиққан йиллар бўлишига қарамасдан, элементга ном берилиши борасида якдиллик бўлгани қизиқ.

Бироқ 104-рақамли элемент борасида бундай якдиллик бўлган дейиш қийин. Унинг муайян изотопларини дастлаб СССРда 1960 йилларда олишган. Шу сабабли, совет олимлари 104-элементга СССР ядро дастурларига раҳбарлик қилган физик олим Игорь Курчатов номини беришга қарор қилишган. Шу боис, 1960–1970 йилларда чиққан даврий жадвалларда ва кимёга оид адабиётларда 104-элементни курчатовий деб қайд этилганига дуч келиш мумкин. Бироқ 1969 йилда ушбу элементни мутлақо бошқача усулда америкалик олимлар ҳам синтез қилишга муваффақ бўлишган ва россиялик кимёгарларнинг натижаси шубҳа остида қолган. Ҳақиқатан ҳам, америкалик олимлар қўллаган усулда 104-элемент жуда аниқ идентификация қилинган бўлиб, шу сабабли ҳам халқаро амалий ва назарий кимё иттифоқи уларнинг натижасини ҳал қилувчи сифатида тан олган ҳолда, элементга резерфордий номини тасдиқлаган. Ном машҳур инглиз физиги Эрнест Резерфорд шарафига қўйилган.

Биз юқорида бир неча трансуран элементни америкалик олим Гленн Сиборг кашф қилганини айтган эдик. Гленн Сиборг ўз даври учун жаҳон миқёсидаги энг илғор илмий кимё мактабини яратган олим бўлган. Сиборг америций, кюрий, менделеевий, плутоний, берклий, калифорний, эйнштейний ва фермий элементларининг синтез қилинишида иштирок этган ва мураккаб технологик тажрибаларга раҳбарлик қилган. 1974 йилда у бошчилигида даврий жадвалдаги 106-жойни тўлдириши керак бўлган элемент ҳам синтез қилинган бўлиб, ушбу кашфиётга Сиборгнинг шогирдлари ва умуман АҚШ илмий жамоатчилиги томонидан олимнинг ўзининг номини бериш таклифи ўртага ташланган. Бироқ Сиборг ушбу номнинг расман тасдиқланишини 23 йил кутишига тўғри келди. Гленн Сиборг 1999 йилда 85 ёшида вафот этган. IUPAC эса сиборгий номини 1997 йилда тасдиқлаган. Ҳар ҳолда Сиборг ўз номига аталган кимёвий элемент формуласи бор даврий жадвал фонида суратга тушиб улгурди ва ҳаётлик чоғидаёқ номи илм-фанда абадийлаштирилган кам сонли олимлардан бирига айланди.

Жадвалдаги кейинги элементлар ичида 107-элемент борийнинг даниялик олим Нильс Бор шарафига номланганини айтмаса, ундан кейингилари — 109, 111 ва 112 элементлар (мос равишда мейтнерий, рентгений ва коперникийлар) немис олимлари шарафига номлангани қизиқдир. Булар ичида фақат коперникий яқин ўтмишдаги эмас, балки ўрта асрларда яшаб ўтган олим бўлиб, у фаолияти бевосита кимё билан боғлиқ бўлмаган бўлса-да, номи даврий жадвалдан жой олган кам сонли шахслардан биридир (албатта, Коперник, шунингдек, поляк ҳам бўлган, лекин у асосий фаолиятини немис муҳитида – Пруссияда олиб борган).

Кимёвий элементлар ичида олимлар номи билан аталган ҳозирча охирги иккита элемент эса Россиянинг Дубна илмий лабораториясидаги илмий мактаб намояндалари – академик Георгий Флёров ҳамда Юрий Оганесянлар шарафига номланган 114 ва 118-элементлардир. Ушбу рақамли элементлар даврий жадвалда флеровий ва оганессон номлари билан қайд этилган. Умуман олганда, оганессон ҳозирча даврий жадвалдаги охирги элемент ҳам бўлиб турибди. Балки келгусида яна янги кимёвий элементлар кашф этилса, жадвалнинг ўзи ҳам янада кенгайиши асносида, ундаги атоқли номлар ҳам кўпайиб қолар. Умид қиламизки, бир кун келиб, кимёвий элементлар даврий жадвалида ўзбек илм-фанини шарафловчи номлар ҳам пайдо бўлади!

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: