14:31 | 16.04.22

                       

Чиқинди ташлаш маданияти. Давлат нима қилиши керагу, фуқаролардан нима талаб этилади?

Қуйида шулар ҳақида маълумот берамиз

Кўчада кетаётган одамнинг қўлидаги пластик идиш ёки бошқа чиқинди биз учун муаммо бўлиб кўринади. Ваҳоланки, мазкур чиқиндини нафақат тўғри тарзда йиғиб олиб йўқ қилиш, балки ундан яхшигина моддий фойда қилиш мумкин. Ўзбекистонда экологик муаммоларнинг илдизларидан бири бўлган чиқинди ташлаш маданиятига етарлича эътибор қаратилмайди. Охирги марта қўлингиздаги чиқиндини қаерга ташлаганингизни эслаб кўринг. Агар сиз масъулиятлироқ одам бўлсангиз, уни ташлаб юбориш учун неча метргача ахлат қутисини қидириб борганингизни тахмин қилиш қийин эмас. Ҳар ҳолда камдан-кам ҳолатда 100 метргача масофада бундай қутилар учрайди. 

Фото: «Bugun.uz»

Чиқинди билан боғлиқ юқоридаги ҳолат фақат Тошкент шаҳри ва нари борса вилоят марказларида шундай. Чекка ҳудудларда эса аҳвол бундан ҳам ёмонроқ. Эътибор беринг, биз ахлатни ҳатто тўлиқ йиғиб ололмаяпсиз. Уни турларга ажратиб йиғиш ҳақида эса ҳозирча гапиришга эрта. Дунёнинг қатор давлатларида чиқинди нафақат тўлиқ йиғиб олинмоқда, балки аҳоли уларни турларга бўлиб, ахлат қутисига ташламоқда. Давлат эса экологияни асраш билан бир пайтда чиқиндидан яхшигина молиявий даромад оляпти. Аҳолининг чиқинди ташлаш маданияти ҳақида исталганча гапириш ва одамларни соатлаб айблаш мумкин. Лекин бу муаммони ҳал қилмайди. Бизга айни вақтда реал, амалда самарали бўлиб турган ечимлар керак. Қуйида шулар ҳақида маълумот берамиз. 

Чиқинди учун мукофот тўлаш

Норвегияда аҳолининг чиқиндига бўлган тўғри муносабатини шакллантириш учун мамлакат ҳукумати пластик идишлар учун пул тўлаш тизимини жорий этган. Пластик идишдаги маҳсулот харид қилинганда унинг нархига 13 центдан 30 центгача (1400–3400 сўм) қўшимча устама қўйилган бўлади. Харидор пластик идишни мамлакат бўйлаб жойлаштирилган махсус машиналарга ташлаб, бу пулни қайтариб олиши мумкин.

«The Guardian» маълумотларига кўра, ушбу схема Норвегияга барча пластик идиш (бутилка)ларнинг 97 фоизини қайта ишлашга имкон берди. Идишларнинг атиги бир фоиздан камроғи эса атроф-муҳитни ифлослантиради.

Қолаверса, қайта ишланган бутилкаларнинг 92 фоизи шундай юқори сифатли материал берадики, уни яна ичимлик идишларида ишлатиш мумкин. Баъзи ҳолларда тизим бир материални 50 мартадан ортиқ қайта ишлагани ҳам кузатилган.

Фото: «letsrecycle.com»

Бу — жуда юқори натижа. Чунки бутун дунё бўйлаб ишлаб чиқарилган пластмассанинг 91 фоизи қайта ишланмайди. Ҳар йили 8 миллион тонна пластмасса океанларни ифлослантиради. АҚШда пластик бутилкаларни қайта ишлаш даражаси 30 фоиз атрофида. Буюк Британияда бу кўрсаткич 20 дан 45 фоизгача экани айтилади. Ўзбекистоннинг энг ривожланган қисми бўлган Тошкентда қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 2020 йил маълумотига кўра, атиги 8 фоизни ташкил этган. Президентнинг 2020 йил 15 декабрдаги қарори билан мазкур кўрсаткич 2022 йилгача 30 фоизга оширилиши керак эди. Мазкур натижага эришилгани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Бундай тизимни жорий этиш қийин бўлиши мумкин. Лекин натижаси, албатта, яхши бўлади. Чунки халққа молиявий стимуллар бериш, масалан, солиқ кешбэклари каби тизимларда ўзини оқлади дейиш мумкин.

Экологик солиқ имтиёзи

Норвегиянинг чиқиндиларга қарши кураши фақат истеъмолчиларга рағбат бериш билан чекланмаган. Балки ишлаб чиқарувчиларга ҳам атроф-муҳитни камроқ ифлослантиргани учун солиқ имтиёзи берган. Уларнинг маҳсулотини қайта ишлаш имконияти мамлакат бўйлаб 95 фоиздан юқори бўлса, унда бу корхона солиқдан озод қилинади.

Юқоридаги каби чиқинди учун пул тўлаш амалиёти Финляндияда ҳам мавжуд. Аҳоли бу орқали ҳам пул ишлайди, ҳам кўчалар озодалигини сақлайди. Бундан ташқари, ахлатни керакли жойга ташлаб пул жамғариш қизиқ жараён ҳисобланади. Одамлар ўйинларни яхши кўради.

Бу мамлакатда нафақат пластик идишларни йиғишда, балки шиша идишларни йиғишда ҳам яхши кўрсаткичлар қайд этилган.

Финляндияда ҳар йили 60 минг тоннадан ортиқ шиша чиқиндилари йиғилади. Шиша (бутилкалар)нинг деярли 100 фоизи дўконлардаги автоматик қабул қилиш пунктлари орқали йиғилади. Бунда ишчи кучи деярли талаб этилмайди. Йиғиш тизими туфайли, статистик маълумотларга кўра, шиша бутунлай парчаланиб кетгунга қадар 33 мартагача қайта ишланиши ва ишлатилиши мумкин.

Фото: «Live Japan»

Пластик идишлардан энергия олиш

Ҳа, тўғри ўқидингиз, пластик идишларни қайта ишлаб, яна фойдаланишдан ташқари, улардан электр энергияси олиш мумкин. Бунда хўжаликларнинг чиқиндиларидан электр энергиясини генерация қилишда ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин. Масалан, Швецияда 34 та «чиқиндидан энергияга айлантирувчи» электр станцияси мавжуд. Бу электр станцияларида кўмир ёки газ ёқиш ўрнига ахлат ёқиб юборилади. Албатта, маълум саралашлардан сўнг.

Тўрт тонна ахлатдан бир тонна нефть, 1,6 тонна кўмир ёки беш тонна ёғоч чиқиндисидан олинадиган энергияни олса бўлади. Швецияда маиший чиқиндиларнинг қарийб 49 фоизи қайта ишланади ва 50 фоизга яқини шу каби электр станцияларида ёқилади.

Мамлакатдаги 10 миллионга яқин аҳолининг уйлари совуқ ойларда ахлат ҳисобига иситилади. Ахлатдан олинган энергия 1,25 миллион хонадонни иситиш ва 680 минг уйнинг электр энергиясига бўлган талабини қондиришга етади. Қисқа қилиб айтганда, бир нечта самарали чораларни йиллар давомида сабр билан кўриб, мамлакатдаги чиқиндилар муаммосини нафақат ҳал қилиш, балки ундан самарали фойдаланишни ташкил этиш мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: