13:07 | 10.09.22
Президентлар нималарни муҳокама қилиши маълум бўлди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон сентябрь ойи охирида АҚШ президенти Жо Байден билан юзма-юз музокара ўтказади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Учрашувда Россиянинг Украинага қарши уруши ва Анқаранинг Москва билан муносабатлари муҳокама қилинади. Ҳозирда томонлар бўлажак ташрифга тайёрланмоқда. Кун тартибидан Туркия ва Россия ўртасидаги муносабат, Америка қуроллари, Украина ғалласининг экспорти ва Суриядаги уруш ҳам ўрин олган.
NATO’га аъзо икки давлат раҳбарлари охирги марта 2022 йилнинг июнь ойида Мадридда ўтказилган альянс саммити доирасида учрашган. Унда Анқара Финляндия ва Швециядан NATO’га киришига қўйилган ветони бекор қилган. Байден эса Туркияга F-16 қирувчи самолёти сотиш қарорини қўллаб-қувватлаган.
Таъкидланишича, президентлар Сурия бўйича келишмовчиликлар фонида учрашади. АҚШ ИШИД жангариларига қарши курашда иттифоқчи бўлган курд ўзини ҳимоя қилиш бўлинмаларини қўллаб-қувватлайди, Туркия эса Вашингтоннинг ҳамкорларини террорчи ташкилот деб тан олган. Анқара «АҚШ бу доирада қадам ташлаши керак», деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, Байден ва Эрдўғон Туркия ва Греция ўртасидаги Ўртаер денгизи шарқида доимий тарангликка олиб келган муносабатларни муҳокама қилади.
Аввалроқ Туркия президенти Россия–Украина урушига муносабат билдирганди. Шунингдек, Европа Иттифоқи Туркияга ҳам санкция қўллаши мумкинлиги маълум қилинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: