12:03 | 04.07.22

                       

Финляндияда NATO базасини қуриш таклиф қилинди

Путин бу жиддий қаршиликка олиб келишини айтганди

Финляндиянинг Жанубий Карелия провинциясидаги Лаппеенранта шаҳар мери Киммо Ярва Россия чегараси яқинида NATO базасини жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Yle» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Таклиф Финляндиянинг ҳарбий-сиёсий блокка қўшилиш жараёни тезлашгани ва аҳоли пунктларининг Россия чегараларига бевосита яқинлиги сабаб бўлган. Шаҳар Финляндия мудофаа кучлари билан база қуриш имкониятларини муҳокама қилмаган. Шу билан бирга, улар базанинг Лаппеенранта ҳудудига жойлаштирилиши ўзи билан Жанубий Карелияга сармоя олиб келишига умид қилмоқда.

«Бу хавфсизликка ва минтақага сармоя жалб этишга ёрдам беради», — дейди у.

Ярванинг таъкидлашича, база ўрнатиш учун аэропорт мавжуд. Бироқ мер ‘бу соҳада мутахассис эмаслиги’ сабабли қуруқликдаги қўшинлар ва Миллий мудофаа қўшинлари мактабидан бу мақсадда фойдаланишга тайёрмаслигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин NATO’ни Швеция ва Финляндияда база ўрнатишдан огоҳлантирганди. Президент бу икки давлатнинг альянсга аъзолиги хавф туғдирмаслиги, бироқ уларнинг ҳудудида база ташкил этилишига Россия муносиб жавоб қайтаришини айтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: