22:06 | 11.04.22
Bugun.uz Россия–Украина урушининг 11 апрель кунги воқеалари ривожи тўғрисида маълумот беради
Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 11 апрель куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.
Жаҳон банки Россия ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда санкциялар туфайли 11,2 фоизга қисқаришини прогноз қилди. Ташкилот, шунингдек, Украина ялпи ички маҳсулоти 45,1 фоизга қисқаришини тахмин қилган бўлиб, бу пасайиш можаролар давомийлигига боғлиқ бўлиши айтилган.
Финляндия ва Швеция ёзда NATO’га аъзо бўлиши мумкин
Бу ҳақда «The Times» АҚШнинг номи ошкор этилмаган расмийларига таяниб хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, альянс ташқи ишлар вазирларининг Швеция ва Финляндия вакиллари иштирок этган йиғилишларида бу икки давлатнинг NATO’га аъзо бўлиши муҳокама қилинган. Нашрнинг ёзишича, Финляндия июнь ойида, Швеция эса тез орада аъзолик учун ариза топшириши мумкин.
Қайд этилишича, бу икки давлатда жамоатчилик фикри Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан кескин ўзгарган.
Украинада уруш бошланганидан бери 183 бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина Бош прокурори офиси хабар берди.
«Россия темир йўллари» акциядорлик жамияти евробондлар билан боғлиқ мажбуриятларини бажара олмагани учун дефолт деб топилди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.
Таъкидланишича, гап Швейцария франкидаги еврооблигациялар ҳақида кетмоқда. Уларнинг тўлов муддати 14 мартга тўғри келган бўлиб, муддат ўтгандан кейинги имтиёзли давр 10 кун бўлган. «Россия темир йўллари» унга нисбатан киритилган санкциялар туфайли тўловни амалга ошира олмаган.
Қайд этилишича, бу жиддий молиявий санкциялар бошланганидан бери дефолт бўлган биринчи Россия компанияси ҳисобланади.
Россиянинг «Первый» каналининг собиқ муҳаррири Марина Овсянникова Германиянинг «Die Welt» нашрида иш бошлайдиган бўлди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Овсянникова каналдаги жонли эфирлардан бирида ўтказган акциясидан сўнг дунёга машҳур бўлганди. Янгиликлар дастури эфирга узатилаётган вақтда у кадр ортида, бошловчининг орқасида плакат билан пайдо бўлганди. Унда шундай ёзувлар бўлган: «Урушни тўхтатинг, ташвиқотга ишонманг, улар бу ерда сизга алдашяпти».
«Die Welt» Германиядаги энг нуфузли ахборот ва таҳлилий нашрлардан бири бўлиб, сиёсатчилар ва бизнес вакиллари орасида машҳур ҳисобланади.
Россия президенти Владимир Путин ва Австрия канцлери Карл Нехаммер билан музокара ўтказди.
Қайд этилишича, мамлакат етакчилари бир ярим соатга яқин суҳбатлашган. Учрашув юзасидан матбуотга ҳеч қандай баёнот берилмаган.
Аввалроқ 10 апрель ва 9 апрель куни содир бўлган Россия–Украина можаросига алоқадор асосий янгиликларни тақдим этилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: