20:00 | 25.01.24

                       

Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги авиақатновлар сони ҳафтасига 100 тага етказилади

Бу орқали иккала давлатнинг исталган шаҳрига парвоз қилиш имконияти вужудга келади, хизмат кўрсатувчи авиакомпаниялар сони чексиз бўлади.

Хитойнинг Пекин шаҳрида Транспорт вазирлиги делегацияси ҳамда Хитой Халқ Республикаси авиация маъмурияти ўртасида музокаралар ўтказилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Келтирилишича, ҳар икки мамлакат учун манфаатли бўлган муҳим келишувнинг якуний матни бўйича ижобий қарор қабул қилиниб, келишув баёни имзоланган.

Фото: Транспорт вазирлиги

Ушбу келишув баёни томонлар ўртасида авиақатновлар ҳажмини ҳафтасига 100 тага (ҳар икки мамлакат авиакомпаниялари томонидан 50 тадан) олиб чиқиш, парвозлар географиясини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Хитой авиакомпаниялари учун икки мамлакатнинг исталган шаҳарларига парвоз этиш имкониятини яратиш (ҳозирда парвозларни амалга ошириш учун еттита шаҳар белгиланган), шунингдек, хизмат кўрсатувчи учта авиакомпаниялар сонини чексиз авиакомпанияларга ўзгартиришни назарда тутади.

Маълумот учун, келишув Хитой Халқ Республикаси авиацияси маъмурияти томонидан мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ички келишув жараёни тугатилгандан сўнг, 2024 йилнинг апрел ойида икки мамлакат авиация ҳукуматларининг қўшимча учрашуви якунларига кўра кучга киради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: