17:45 | 27.04.24

                       

Россияда ўзбекистонлик эркак ёнғинда қолган аёлларни қутқарди

Россияда ўзбекистонлик мигрант ёнғинда қолган аёлларни қутқарди. У Ўзбекистонда десант бўлинмаларида хизмат қилган ва бокс билан шуғулланган.

Санкт-Петербургда 7 йилдан бери ишлаб келаётган ўзбекистонлик мигрант ёнғин пайти бир нечта аёлни қутқариб қолди.

Маълумотларга кўра. 25 апрел куни эрталаб Санкт-Петербургнинг Подольская кўчасидаги кўп қаватли уйда ёнғин чиққан. Ҳолатдан хабар топган Олим исмли ўзбекистонлик эркак ҳодиса жойига биринчи бўлиб етиб борган.

Эрталаб ишга келганимда соат 06:00 эди. Қарасам, деразадан олов чиқяпти. Шу заҳоти ўт ўчирувчиларга қўнғироқ қилдим. Улар етиб келган вақтда олов кучайгани сабаб одамлар деразадан чиқа бошлади… Аёллар бақириб, сакрамоқчи бўлганини кўрдим. Уларга сакрамасликларини айтдим. Ўт ўчирувчилар нарвонини оча бошлади, — дейди у.

Қайд этилишича, Олим сув оқишига мўлжалланган труба орқали юқорига кўтарилиб, аёлларга ёрдам кўрсатган.

Россияликлар 48 ёшли Ўзбекистон фуқаросини «ҳақиқий қаҳрамон» деб атамоқда. Олимнинг ўзи Ўзбекистонда десант бўлинмаларида хизмат қилгани ва бокс билан шуғулланганини айтган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Санкт-Петербург бўйича Бош бошқармасида айтилишича, Подолская, 39да содир бўлган ёнғин энг қийин тоифага киритилган.

«Беш қаватли турар-жой биносининг учинчи ва тўртинчи қаватларида умумий майдони 60 квадрат метр ёнғин содир бўлди», деди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шаҳар бошқармаси матбуот хизмати СПБга. Соат 06:44 да ёнғинга қўшимча 1-БИС рақами берилди. Соат 07:35 да ёнғин локализация қилинди. Соат 12:32 да ёнғин ўчирилди. Хавфли ҳудуддан 10 киши эвакуация қилинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: