19:17 | 26.04.24

                       

Мактабдаги «йиғим-теримлар»нинг давоми аттестациядами?

Ўқитувчиларнинг «саргузаштлари» ҳақида ёзишда давом этамиз!

Ушбу мавзудаги дастлабки мақоламизда ўқитувчиларнинг асосий вазифаси қолиб, раҳбарият томонидан бошқа, бўлганда ҳам ноқонуний ишларга жалб қилиш ҳолатлари тўғрисида тўхталган эдик. Бу галги таҳлилларимиз эса ўқитувчилар билан бўлаётган яна бир баҳсли ҳолат – аттестация ҳақида олиб борилади.

Бу йил 243 минг нафар ўқитувчи аттестацияда иштирок этиш учун ариза қолдирган бўлиб, улар ичида сараланган 202 минг нафар педагоглар тест синовларида қатнашиши керак. Мавзуга батафсил киришишдан олдин, ушбу синовнинг тартиб тамойили ҳақида маълумот берсак.

Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган ахборотга кўра, янги тизим асосидаги малака тоифасини олиш синовлари икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда – педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволларга жавоб беради.

Иккинчи босқичда – педагогнинг маҳорати баҳоланади. Бунда устозларга
10 та савол-топшириқ берилади.

Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.

Синов жараёнлари ҳақида гап кетганда назорат қатъий, талаблар мустаҳкамлигига алоҳида урғу берилгани эътиборимизни тортди. Унда малака тоифасини олиш синовларига қандай қилиб коррупция аралашиши мумкин? Ижтимоий тармоқларда ўтказилган сўровномамизнинг мазмуни ҳам айнан мазкур мавзуда бўлди. Марҳамат, натижалар билан танишинг.

*Бу йил туғруқ таътилида эдим, аризамга вақтида тўлов қилмай қолиб кетдим, 1-тоифаман, олий қилмоқчи эдим, ўтган йили 82 балл билан биринчи тоифага ўтганман, лекин кўнглим оғриган жойи мани танишларим ичида имтиҳонга ҳам келмай, ўринларига пулга одам қўйиб, улар ҳам тоифа олгани бўлган. Айтишларича, ўша жойда кузатувчилар йўл қуйиб берган, ҳозир ҳам бориб келганлар ўша ердаги масъуллар билан келишса бўлар экан, дейишмоқда. Билмадим қанчалик рост, лекин имтиҳондан олдин ставка 400 дан 700$ долларгача чиқди. Пул олганлар эплашяптими билмадим, лекин “реалный” тўлаганлар бор. Бунақа тизимни нима кераги бор, билими бор ўзи ўтиб келса, билимсизи пул билан ҳамон ўтса.

Тест саволларига келсак, физика, химия фанларидан масалалар сонини камайтириш керак, химия фанидан бир модданинг турлича номлари бор. Айнан дарсликда кам ишлатиладиган номлари билан саволлар тузиш, адабиётдан ҳам хоҳлаган тўртликни ёзиб, муаллифини сўраш мантиқсизлик.  Ўқитувчи ҳамма нарсани ҳам ёд олиб юролмайди.

*15-апрель санаси соат 8:00 да кириб ярим соат интернет ишлашини кутдик, 10:50 да чиқдим ва йўлда кетаётиб телеграм гуруҳларга қарасам саволлар “полний” тарқаб кетган, айрим гуруҳларда жавоблариям тарқаб кетган
2-сменадагилар киргунча савол жавоблари билан тайёр кирдида. Биз
15-апрель 8:00 да кирганлар тажриба қуёни бўлдик кимлар учундир.

*Ҳечким ўтолмаяпти ҳамма доодд деяпти.. ўтганлар жуда кам.

*Бўлмаган гап. Билими бор ўқитувчи ўтаяпти.

*Сиздан илтимос, маданият ва Санъат мактаблари ўқитувчилари аттестацияси ҳали ҳам ечимини тополмай турибди. Шу масалани ҳам ёзсангиз.

(Келтирилган фикрлар фақатгина имловий томондан таҳрир қилинган)

Мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириш статистикаси йилдан-йилга тушиб бораётган бир пайтда ўқитувчиларнинг билим савиясини синовдан ўтказувчи тизимга бўлган қўша-қўша эътирозлар вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Умуман олганда, “ноҳақлик”, деб изоҳ қолдирганлар ҳам “билими бор ўқитувчи ўтяпти”, деб фикр билдирганларнинг ҳам ўз асослари бор. Биз изоҳларда келтирилган фикрларнинг ўндан бир қисмини ёздик холос.  “Қаловини топиб, қорни ёқиб” юрган билимсиз ўқитувчилар ҳали ҳам орамизда борми? Ёки пул билан ҳал қилса бўлар экан, деганларнинг барчаси туҳматчими? Хулосангиз қандай якунланмоқда? Агар иккинчи тахмин тўғри бўлса, мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириш статистикаси ҳаминқадарлигини яхши биласиз. Мавзуни баҳс-мунозаралар учун очиқ қолдирамиз.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: