14:41 | 25.07.24
Ўзбекистон 4 ой ичида Қозоғистонга қарийб 4 млрд куб метр сув етказиб берди. Маълумот учун, Ўзбекистон сув танқислигига энг кўп дуч келадиган давлатлар қаторига киртилган.
Ўзбекистон Қозоғистонга 1 апрелдан буён Сирдарё орқали 3,9 миллиард куб метр сув жўнатди. Бу ҳақда Қозоғистон Сув хўжалик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, аввалроқ Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Ўзбекистон билан олти ой ичида Қозоғистонга Сирдарё орқали 3,7 миллиард куб метр сув жўнатиш бўйича келишиб олган. Натижада Ўзбекистон белгиланган ҳажмдаги сувни 4 ой ичида жўнатди.
Суғориш даври якунига қадар Ўзбекистон Қозоғистонга 1 миллиард куб метрга яқин сув бериши кутилмоқда. Бу ишлар Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари фермерларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Шардара сув омборини тўлдириш ҳажми 2,6 миллиард куб метрни ташкил этади. Бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 689 миллион куб метрга кўпдир. Шардара сув омборига жами 3,9 миллиард куб метр сув келди.
Ўз навбатида, Шардара сув омборидан Сирдарёнинг қуйи оқимига 3,6 миллиард куб метр сув жўнатилди. Бу бир йил олдингига нисбатан 950 миллион куб метрга кўпдир.
Маълумот учун, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам 2040 йилга бориб, сув танқислигига энг кўп дуч келиши тахмин қилинаётган 33 та мамлакат орасига киртилган. Бутунжаҳон Метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб дунё муқёсида 5 миллиарддан ортиқ киши сув танқислигини бошидан кечириши мумкин.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: