16:31 | 28.12.22

                       

Ўзбекистон 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп дуч келадиган давлатлар қаторига киртилди

Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг Economist Intelligence Unit ташкилоти 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп дуч келиши тахмин қилинаётган 33 та мамлакатни эълон қилди. Улар орасига Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам киритилган

Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам 2040 йилга бориб, сув танқислигига энг кўп дуч келиши тахмин қилинаётган 33 та мамлакат орасига киритилди. Бу ҳақда Жаҳон табиий ресурслар институти (WRI) ва Британиянинг Economist Intelligence Unit ташкилоти маълум қилди.

Фото: Bugun.uz

Қайд этилишича, Бутунжаҳон Метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб дунё муқёсида 5 миллиарддан ортиқ киши сув танқислигини бошидан кечириши мумкин.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари ҳудудларда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаган. Иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиладиган сув ресурсларининг 21,5 фоизини республика ҳудудидаги, 78,5 фоизини қўшни мамлакатлар ҳудудидаги сув ресурслари ташкил этади. Улар асосан Амударё ва Сирдарё (61 фоиз), ички кичик дарё ва сойлар (35 фоиз), ерости сув захиралари (1 фоиз) ҳамда коллектор ва дренаж тизимларидан (3 фоиз) олинадиган сув ресурслари ҳисобига шаклланган.

Тадқиқот доирасида 1 гектар ерни суғориш учун сарфланадиган сув миқдори, ўртача 1 куб метр сув ҳисобига етиштириладиган маҳсулот, ҳудудларда сувни тежовчи техногиялар қўлланиладиган майдонларнинг кенгайиши каби самарадорликни акс эттирувчи кўрсаткичлар асосида ҳудудларда сувдан фойдаланиш самарадорлиги индекси (SSI) ҳисоблаб чиқилган.

Натижаларга кўра Андижон (SSI — 0,816) ва Самарқанд (0,780) вилоятлари сувдан фойдаланишда юқори самарадорликка эришган бўлса, Тошкент (0,701), Жиззах (0,650), Навоий (0,630), Наманган (0,610) ҳамда Фарғона(0,605) вилоятларида нисбатан ўртача кўрсаткич қайд этилган.

Сўнгги йилларда тежамкорлик борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида сувни тежайдиган технологиялар (STT) қўлланиладиган майдонлар Навоий (28 фоиз), Андижон (23,6 фоиз), Жиззах (21,9 фоиз) вилоятларида кенгайиб бормоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда ЯИМнинг ҳар 1000 доллар қийматидаги сув сиғимкорлиги (бу маълум бирликдаги ялпи ички маҳсулотни яратиш учун сарфланган сув ресурслари миқдори) АҚШдаги шу кўрсаткичдан 9,1 маротаба, Япониядагидан — 8,6 маротаба, Германия ва Испаниядагидан — 8,9 маротаба, Россия ва Хитойдагидан 8,4 маротаба юқори.

«Бу эса ўз навбатида, республикамизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги аҳча паст экани ҳамда ҳудудларда яратилган маҳсулот ва товарлар ҳажмига қараганда кўпроқ сув сарфланишини англатади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сувдан фойдаланиш самарадорлиги бевосита тежамкор технологияларни қўллаш, сув сарфини камайтирган ҳолда кўпроқ ва сифатли маҳсулот олиш чора-тадбирларини қўллаш билан боғлиқ. Шунингдек, ҳудудларда аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини янада ошириш, сув тежамкор технологияларни ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда тўғри қўллаш зарур», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишгани, Владимир Норов Вашингтонда Оролбўйи минтақаси учун маблағ йиғиш хайрия тадбирида қатнашгани, ОТБ Оролбўйи ҳавзасида амалга ошириладиган лойиҳaга 150 млн доллар ажратиши тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: