18:50 | 03.12.21

                       

«Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда» — Танзила Норбоева

Ўзбекистонда 170 мингдан ортиқ тадбиркор аёллар фаолият юритиши маълум қилинди

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти шафелигида Марказий Осиё тадбиркор аёллари дискуссион клубининг инаугурацион йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги эътибор ҳақида гапирди.

Фото: «Bugun.uz»

Сенат раисининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 170 мингдан ортиқ тадбиркор аёллар фаолият юритмоқда. Устав капитали 96 миллион АҚШ доллари миқдорида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолият кўрсатмоқда, тадбиркор аёллар лойиҳаларини имтиёзли кредитлаш дастури амалга оширилмоқда. Шунингдек, у мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида Аёллар тадбиркорлиги марказлари фаолият кўрсатаётганлигини, уларда ҳар йили 30 минг нафарга яқин хотин-қиз тадбиркорлик, касбга қайта тайёрлаш ва ишга жойлашиш масалалари бўйича амалий ёрдам олаётганлигини қайд этди.

«Бугун хотин-қизлар иштирокисиз иқтисодиёт ўз салоҳиятини тўлиқ ишга тушира олмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Аёллар эркаклар каби иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Хотин-қизлар стереотиплар ва яккалаш туфайли яратилган чегаралар ва тўсиқларни енгиб ўтишга қодир.

Тадбиркор, новатор ва глобал ҳаракатлар ташаббускори сифатида улар ўз жамоалари ва мамлакатларининг барқарор ривожланиши ҳамда фаровонлигига катта ҳисса қўшмоқда. Аёлларимиз бизнес, сиёсат, илм-фан ва бошқа соҳаларда эркаклар каби муваффақият қозона олади», — деди Танзила Норбоева.

Фото: «Bugun.uz»

Шу билан бирга, Сенат раиси бугунги форум самарали бўлиши ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича минтақавий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратишини қайд этди.

Маълумот учун, мазкур тадбир Олий Мажлис Сенати ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Тадбиркор аёлларни молиялаштириш ташаббуси (We-Fi) молиялаштирадиган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Тадбиркор аёллар» Марказий Осиё дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: