15:33 | 27.04.24

                       

Ўзбекистондаги барча вазирликлар Янги Тошкентга кўчирилади

Ўзбекистон республика ижро ҳокимияти органлари Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчирилади. 3 ой муддат ичида бу борада таклифлар ишлаб чиқилиши керак.

«Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш (раиси – бош вазир Абдулла Арипов) республика ижро этувчи ҳокимият органларини Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчириш, уларнинг маъмурий биноларидан самарали фойдаланиш ва уларни сотишдан тушадиган маблағларни ушбу ҳудудда маъмурий биноларни барпо этишга йўналтириш юзасидан 3 ой ичида таклиф киритиши лозим.

Аввалроқ бу ҳақда президент 2023 йил март ойида, Янги Тошкент лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида айтиб ўтган эди.

Давлат раҳбари давлат идоралари ҳам босқичма-босқич Янги Тошкентга кўчиб бориши, уларнинг ҳозирги бинолари ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилишини маълум қилганди.

«Секин-секин Тошкентдан Тошкент вилоятига қараб кетяпмиз. Баҳаво жойларга қараб кетяпмиз. Биз секин-секин ‘Янги Тошкент’ни қурамиз. Лекин янги баҳаво жойда бўлади. Бу томонга қараб, мана шу одамларимизни ўргатиб, катта лойиҳа устида анчадан бери ишлаяпмиз.

Кўпларингиз ўйлашларингиз мумкин, нима учун бу Тошкентдан узоқ жойда деб? Тошкентда энди қурилиш қилмаймиз, Тошкентни яшил ҳудудга айлантирамиз» — деди президент.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: