19:13 | 27.03.24

                       

Ўзбекистонга халқаро брендлар кириб келишда давом этмоқда (Уларнинг товар белгисига бўлган ҳуқуқлари эса етарли таъминланмаган)

Ўзбекистонда, дунё миқёсида машҳур бўлган 40 дан ортиқ брендларнинг 60 та маҳсулотлари товар белгиси сифатида руйхатга олинган. Бунинг асосида халқаро брендлар ўзлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Ўзбекистон бозорида эркин савдосини амалга ошириб келмоқдалар. Бунинг натижасида маҳаллий харидорлар учун халқаро брендларга тегишли сифатли маҳсулотларни ўзимизда сотиб олиш имконияти яратилган.

Бугун “Ўзбекистонда халқаро брендлар учун янги имкониятлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида, халқаро брендлар товарларини импорт қилувчилар реестрини юритиш жараёнларини рақамлаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига янада қулайликлар яратилгани юзасидан ахборот берилди. Халқаро брендларга Ўзбекистон бозорига кириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланиб, қуйидаги маълумотлар:

– халқаро брендлар товарларини импорт қилувчилар реестри инсон омили минималлаштирилган электрон тизим орқали юритилиши йўлга қўйилганлиги;

– аризаларни кўриб чиқиш муддати 25 кундан 14 кунга қисқартирилганлиги;

– Реестрга кириш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзига тегишли (ёки ижара) чакана савдо шаҳобчаларига эга бўлиши лозимлиги тўғрисидаги талаб енгиллаштирилиб, 1 та шаҳобчанинг ўзи кифоя бўлиши белгиланганлиги;

– халқаро бренд патентланган товар белгисининг (логотип), шиори, реклама ролиги, халқаро бренд товарларининг халқаро электрон онлайн савдо майдонларида мавжудлигини ҳамда олиб кириладиган бренд маҳсулотларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинганлиги айтиб ўтилди.

Анжуман ўзаро муҳокамалар ва қизғин саволларга бой тарзда ўтди. Таклиф этилган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам халқаро брендларга яратилган шарт-шароитлар хусусида ўз саволларини беришиб, анжуманни янада мазмунли ўтишига ҳисса қўшишди.

Хусусан bugun.uz мухбири, халқаро брендлар учун зарур шарт-шароитлар яратилган бўлсада, бугунги анжуманда брендларнинг интеллектуал мулк ҳимояси билан боғлиқ масалалари эътибордан четда қолдирилгани билан қизиққан. Шунингдек товар белгиларига бевосита масъул орган яъни адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлиги вакиллари таклиф этилмаганлигидан келиб чиқиб, ташкилотчиларга савол билан юзланди.

  • Биз ҳалқаро брендларни Ўзбекистонга олиб келиб, уларга керакли шарт шароитларни яратиб бермоқдамиз. сир эмаски, халқаро брендларга тегишли маҳсулотлар (Товарлар) маҳаллий бозорда ишлаб чиқарилаётган шу турдаги маҳсулотларга нисбатан анча қиммат ҳисобланади. шундан келиб чиқиб харидоргир бўлган халқаро брендларга тегишли товарлар қалбакилаштирилади, мана шу ҳолатда халқаро бренд эгаларининг ҳуқуқлари қандай таъминланмоқда. Бундай турдаги қонунбузарликка қарши қандай кураш олиб борилмоқда ?

Саволга, Ўзбекистон Республикаси Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги мутахассиси Феруз Ҳожиматов шундай деб жавоб бериб, шундай деган:

Раҳмат саволингиз учун, жудаям яхши савол. Биз кўп кўрамиз бозорларимизда ҳам халқаро брендларни товар белгиси остида қалбаки маҳсулотлар бўлишини… лекин бу масала бўйича интеллектуал мулк бўйича маъсул давлат органлари бор. Божхона қўмитасида ҳам бу каби импорт маҳсулотларини олиб кириш назорат қилинади. Уларнинг ўзига яраша ваколатлари бор. Айтайлик Adidas ёки Nice бренди остида маҳсулот кирадиган бўлса, уларни ушлаб туриб, ўша ҳуқуқий мулк эгаси билан боғланиб, бренд эгаситовар оригиналлигини тасдиқламагунча кириб келадиган товарларни ушлаб туриш ҳуқуқига эга. Қисқача айтганда бу ишлар учун маъсул ваколатли органлари бор. Бу назорат қилинади.”

Жавобдан кўринадики, халқаро брендлар учун зарур шарт-шароитлар яратилган бўлсада, бугунги анжуманда брендларнинг интеллектуал мулк ҳимояси билан боғлиқ ҳуқуқлари масалалари эътибордан четда қолган.

Маълумот учун, қалбаки маҳсулотларни четдан импортини чеклаш билан бренд эгаларининг ҳуқуқи тўлиқ ҳимоя қилинмайди. Аслида, маҳаллий ишлаб чиқарувчи тадбиркорларимиз халқаро брендларнинг товар белгиларидан фойдаланиб, ўзларининг арзон ва қалбаки маҳсулотлари билан ички бозоримизни таъминлаб туришибди. Шунингдек халқаро брендларга тегишли маҳсулотлар билан маҳаллий бозорда сотилаётган қалбаки маҳсулотларнинг нусхаларини бир-биридан ажратиш ҳам кўпчиликда қийинчилик туғдиради. Қолаверса, истеъмолчилар халқаро бренднинг қалбаки маҳсулотлари сифатидан зарар кўрганлиги учун мазкур брендга бўлган талаб ҳам тушиб кетади. Бинобарин халқаро брендлар ҳам ўзларининг нуфузи учун интеллектуал қонунчилик мустаҳкам бўлган мамлакатларни танлайди. Мадомики халқаро бренд эгаларига яратилаётган шарт-шароитлар замирида товар белгисига оид масалаларга аҳамият берилмас экан, Ўзбекистон бозорида энг машҳур бренд ҳам касодга учраши эҳтимоли катта.

Гулруҳ Ҳусанова,

bugun.uz ахборот таҳлил портали мухбири.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: