21:51 | 14.02.24

                       

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси ТИВга чақирилди

Элчи Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Миллий медиа ассоциацияси Шерзодхон Қудратхўжанинг мамлакатда узоқ йиллардан бери яшаб, ўзбек тилини билмайдиган аҳоли ҳақида гапирган фикри юзасидан норозилик билдириш учун вазирликка чақирилган.

Ўзбекистоннинг Москвадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботир Асадов 14 февраль куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, элчи Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг мамлакатда узоқ йиллардан бери яшаб, ўзбек тилини билмайдиган аҳоли ҳақида гапирган фикри юзасидан норозилик билдириш учун вазирликка чақирилган.

Бу каби мулоҳазаларнинг мазмуни ва оҳанги Россия ва Ўзбекистонни боғлаб турган ва мамлакатларимиз раҳбарларининг Москвада 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган учрашуви натижасида янада изчил ривожланиб бораётган чуқур стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо зид экани таъкидланди.

«Умид қиламизки, яқин вақт ичида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юқори мартабали шахснинг номақбул баёнотларига принципиал баҳо берилган расмий изоҳ билан чиқади. Эслатиб ўтамиз, агар Россия ахборот маконида Ўзбекистонга нисбатан Россиянинг ушбу дўст давлатга нисбатан сиёсатига зид бўлган резонансли мулоҳазалар пайдо бўлса, биз дарҳол расмий даражада уларни рад этамиз», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлик (Россотрудничество) раҳбари Евгений Примаков Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раҳбари Шерзод Қудратхўжаевнинг баёнотлари туфайли соҳа бўйича алоқаларни вақтинча тўхтатган. Шунингдек, у раҳбарлик қилаётган тузилмалар билан алоқалар ҳам тўхтатилиши айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: