12:28 | 14.02.24

                       

Россотрудничество Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси билан барча алоқаларни тўхтатди

Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси билан барча алоқалар тўхтатилганини маълум қилди. Бунга сабаб сифатида Шерзод Қудратхўжаевнинг мамлакатда яшайдиганлар ўзбек тилини билмаслиги ҳақида берган баёноти кўрсатилган.

Россотрудничество Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси билан барча алоқаларни тўхтатганини маълум қилди. Бу ҳақда федерал агентлик раҳбари Telegram каналида пост қолдирди.

Қайд этилишича, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлик (Россотрудничество) раҳбари Евгений Примаков Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раҳбари Шерзод Қудратхўжаевнинг баёнотлари туфайли соҳа бўйича алоқаларни вақтинча тўхтатган. Шунингдек, у раҳбарлик қилаётган тузилмалар билан алоқалар ҳам тўхтатилиши айтилган.

«Тошкентдаги маданият маркази, «Рус уйи»нинг кўплаб маданий, маърифий ва илмий алмашинув дастурлари, рус тили, санъати ва рус олий таълимининг Ўзбекистон резидентлари учун жозибадорлиги ҳақидаги ишига асосланиб, жаноб Қудратхўжаевнинг русофоб фикрлари Ўзбекистонда машҳур эмас. Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги амалда мавжуд дўстлик ва иттифоқчиликка асосланган ҳолда бу гапларни республика масъул вакиллари инкор этишлари осон бўлади», дейди Примаков

Шунингдек, у Қудратхўжаевнинг мамлакатда яшайдиганлар ўзбек тилини билиши кераклиги ҳақида айтган фикрига жавобан, ЎзЖоку ректорини ёмон тарбия кўрганини айтиб, ҳақортомус баёнот берган.

«Ишончим комилки, Россияда таълим олишни истаган юзлаб ва минглаб ёшлар, мамлакатларимиз ўртасидаги ўсиб бораётган савдо айланмаси, туризм, дўстлик қадриятлари, ўзаро ёрдам, бизни бирлаштирган Улуғ Ватан урушининг тарихий хотираси, зилзиладан кейин Тошкентнинг қайта тикланиши, буларнинг барчаси ва яна кўп нарсалар – Қудратхўжаевнинг ота-онаси томонидан жуда ёмон тарбияланганини тасдиқлайди» — Примаков.

Қолаверса, агентлик раҳбари Қудратхўжаев ва унинг яқинлари Россияга «бора олмаса», икки томонлама бизнес юрита олмаса, хафа бўлмаслигини айтган.

«Ишончим комилки, жаноб Қудратхўжаев нафақат ўзи, балки яқинлари ҳам Россияда ўқиш, бизнес юритиш, стажировкада қатнашиш ва ҳоказо имкониятини қўлга кирита олмаса, хафа бўлмайди.

Ўзбекистон ва унинг халқига самимий симпатия билан Евгений Примаков», дейди у.

Аввалроқ Қудратхўжаев мамлакатда яшаб туриб, ўзбек тилини билмайдиганлар ҳақида гапирганди. Шунга жавобан Евгений Примаков алоқалар тўхтатилганини айтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: