20:11 | 07.09.24
Уч вилоятда «права»ни имтиҳонсиз, ўқув курсларида қатнашмасдан олиб беришни ваъда қилганлар ушланди.
Сирдарё вилоятининг Ширин, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳарлари ва Навоийда ўқув курсларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, департаментнинг Ширин шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.А. фуқаро Д.А.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ўқув курсларига қатнашмасдан 1 400 доллар эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини айтиб, олдиндан 300 доллар ва 1,2 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ч.Я. фуқаро М.Ж.га гўёки вилоят ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали «Б» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 15 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Г.Т. (муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган) фуқаро Х.М.га танишлари орқали ўқув курсларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 900 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: