23:11 | 07.09.24
Президент Паралимпия ўйинларида муваффақият қозонган яна икки спортчига қўнғироқ қилди.
Шавкат Мирзиёев Париж Паралимпиадасида олтин медал олган Нурхон Қурбонова ва Толиббой Йўлдошев билан телефон орқали субатлашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча Париж Паралимпиадасида қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сонини 10 тага етказиб, тарихдаги энг яхши натижасини янгилади. Ўз ғалабалари билан ушбу тарихий натижага ҳисса қўшган енгил атлетикачилар Нурхон Қурбонова ва Толиббой Йўлдошев билан бугун Шавкат Мирзиёев телефон орқали суҳбатлашди ва уларни дилдан табриклади.
«Тинимсиз кузатиб бораман фаолиятингни. Олимпия шаҳарчамизда қурилишни бошлаганимизда Паралимпиададан олтин билан келаман, деган ёқимли сўзларинг эсимда.
Бу нимадан далолат? Тинимсиз ҳаракат, иродали интилишларинг билан тобора ўсиб бораяпсан. Берган ваъдангни ортиғи билан бажардинг», дея давлат раҳбари бир йўла жаҳон рекордини ўрнатган ва уни яна янгилаган Нурхон Қурбоновани табриклади.
Шунингдек, президент Толиббой Йўлдошев билан суҳбатда икки медални олиш чинакам жасорат эканини таъкидлаган.
«Бир неча кун олдин ядро улоқтириш бўйича бронза медалини олган эдинг. Икки спорт тури бўйича иккита юксак натижа бу — чинакам жасорат. Бу ютуқлар машаққатли меҳнатларинг, тинимсиз машқларинг, тўплаган бой маҳоратинг мевасидир», деди президент Толиббой Йўлдошев билан суҳбатда.
Чемпион паралимпиячилар бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлмагани, давлат раҳбарининг паралимпия ҳаракатига қаратаётган эътибори ва ишончи туфайли эришилаётганини таъкидлаб, ўз номидан, мураббийлари ва ота-онаси номидан миннатдорлик билдирди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: