19:00 | 08.12.21

                       

Қариндош-уруғ, таниш-билишчилик, маблағларни ўзлаштиришга ва коррупцияга қарши курашда ОАВнинг ўрни. Блогер мулоҳазаси

Коррупцияга қарши курашда фаол жамоатчилик ва ОАВнинг ўрни қай даражада муҳим? Темурмалик Тожиддинзода шу каби саволларга жавоб берди

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 9 ойида мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 658 миллиард сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиева маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Статистика бўйича, мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 миллиард, 2019 йилда 1 триллион 858 миллиард, 2020 йилда 500,1 миллиард, 2021 йилнинг 9 ойида 658 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Аммо бу шахслар ким ва қандай жазога тортилгани, шунингдек, етказилган зарарни ким ва қандай қоплаб бериши ҳақида умуман сўз юритилмаган. Шунчаки, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кучайтирилиши қайд этилган, холос. Бу баёнот ҳам, давлат органларининг коррупцияга тааллуқли бошқа кўплаб баёнотлари каби, мавҳум ва мужмаллигича қолмоқда.

Хўш, коррупцияга қарши қандай курашиш керак? Ҳеч қандай ваколати мавжуд бўлмаган агентлик билан бу муаммони ҳал этиб бўладими? Умуман, коррупцияга қарши курашда фаол жамоатчилик ва ОАВнинг ўрни қай даражада муҳим? Блогер Темурмалик Тожиддинзода ушбу мақолада шу каби саволларга жавоб беради.

Давлат коррупцияга қарши шафқатсиз курашда халқ томонидан қўллаб-қувватланиши муҳим омил ҳисобланади. Кунора янгиликларда коррупция ҳақидаги статистика ва сонларни кўриб туриб, қуруқ қарғиш ва лаънатлар ёғдириб турган жамиятни уйғоқ жамият деб атаб бўлмайди. Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ҳар қадамда қўллаб-қувватланадиган давлатдаги ҳуқуқ ижросини назорат қилувчи органларда бу узун ва бепоён статискага қарши курашувчи армияси етарли бўла туриб ҳам коррупциянинг барҳам топмаётгани сабабларини қидириб кўришга қарор қилиш зарур. Аввало, бирор амалдор коррупцияда гумон қилинса, қариндошлари оқлашга шошилишади, суриштирилса, ҳамма лавозимларда кимнингдир укаси, қайнонаси, қариндоши ёки курсдоши, синфдоши, маҳалладоши ва ҳ.к бўлиб чиқади.

Ўзимиз «танимаганни сийламас», деб мақол тўқиймиз-ку, бошқаларнинг коррупциядан ҳоли эканлигига ҳавас қиламиз. Биз ривожланишига ҳавас қиладиган Жанубий Корея давлатида ёки Европанинг илғор мамлакатларида озгина ёнбосишлар ҳам коррупция ҳисобланиб, давлат раҳбарлари ҳам жазодан қочиб қутулолмаслиги барчамизга аён.«Мўъзиза содир бўлмайди» китоби муаллифи бўлган Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак акаси турмуш ўртоғининг жияни билан бирга қамалиб кетгани бизда кўпчиликни ҳайрон қолдирса керак. Бу Жанубий Кореяда ғайритабиий ҳолат эмас, у ерда қонун устуворлиги амалда ҳам таъминланишини халқ талаб қила олади.

Фото: «Cartooning for Peace»

Коррупция нафақат пора олиш билан боғлиқ, у ресурслар исроф қилинганда оддий аҳолининг жабрланишини ҳам ифода этади. Шунинг учун унга қарши ақлли жавобларни ишлаб чиқиш учун коррупциянинг турларини тушуниш жуда муҳимдир. Демократик мамлакатларда фуқароларга ҳукумат ишларида иштирок этиш учун тегишли воситаларни тақдим этадиган йўлларни яратиш, устуворликлар, муаммоларни аниқлаш ва ечимларни топишга, одамлар таъсири билан коррупцияга қарши курашишга имконият яратилган.

Бутун умр оддий фуқаролар каби кичик квартирада яшаган Меркель хоним Германиянинг канцлери этиб сайлангунига қадар ҳам шу хонадонда яшаган. Унинг вилласи, қимматбаҳо автомобили ва хизматкорлари бўлмаса ҳам Германия иқтисодиёти энг гуллаган мамалакатлардан бири. Расмий ва норасмий жараёнларни (ҳукумат, шунингдек, нодавлат гуруҳлар билан ишлаши), хатти-ҳаракатларни бирлаштирган дунё давлатларида амалдор бўлиш жуда ҳам ёқимли иш эмас, бу уларнинг ҳар бир қадами энди кенг жамоатчилик назарида дегани. Масалан, Швеция Социал-демократик партияси раҳбар ўринбосари Мона Саҳлин хоним ва «Тоблероне» шокалади воқеасини эслайлик: Мона Саҳлин шоколадга тўлаш учун 10 евро нақд пули етмаганидан тўловни партия номига очилган тўлов картасидан тўлашга мажбур бўлган. Бу ҳолатни ўша дўконда кўриб қолган журналист шов-шув қилиб юборган эди, воқеа катта резонансга айланади ва жамоатчиликнинг босими остида давлатга 10 евро зарар келтиргани учун унга қарши жиноий иш очилган. Бу воқеа коррупцияга қарши кураш ОАВ ва фаол жамоатчиликнинг ўрни нақадар муҳим эканлигини бутун дунёга кўрсатиб берганди.

Коррупцияга қарши курашдан манфаатдор томонлар: ҳукумат, фуқаролар, бизнес, фуқаролик жамияти гуруҳлари, оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар ва бошқалар ўртасида динамик ва узлуксиз алмашинувни йўлга қўйиш учун технология кучига юзланиш мақсадга мувофиқдир. Ўз навбатида, коррупцияга қарши курашиш йўлида «тўртинчи ҳокимият» кучидан максимал даражада фойдаланиш лозим. Коррупцияга қарши чораларни рағбатлантиришни тўғри йўлга қўйишда хатти-ҳаракатларни ижтимоий кучлар билан мувофиқлаштириш, журналистларларга мустақил суриштирув ўтказиш учун қонунан мустаҳкам тамойилларни амалда ҳам бериш зарур. Қайсидир журналист, блогер ёки депутат мустақил суриштирув ўтказгани учун босимларга, руҳий ёки жисмоний тазйиқларга дуч келадиган бўлса, коррупцияга қарши кураш оддий шиорларда қолиб кетаверади.

Бу йўлда велосипед ихтиро қилишга ҳожат йўқ, дунё жамоатчилигига таниш, барқарор ишлаб келаётган ўша оддий схемани қўлласа кифоя: шаффофлик ва сўз эркинлиги. Сўз эркинлиги таркибига нафақат фикр билдириш, балки мустақил суриштирув ўтказиш эркинлигини ҳам қўшиб қўйиш бугунги шароитимизда сув ва ҳаводек зарур.

Самарали бошқарувни халқ ҳар қандай даврда қўллаб-қувватлаган. Ҳар қандай яхши стратегия вазият ўзгарганда, уни вазиятга мослашганига ишонч ҳосил қилингунича доимий равишда кузатилиши ва баҳоланиши керак.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: