Россия–Украина муаммоси, Беларусдаги вазият, энергия нархи ошиши — ЕИ давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади
Унда юқоридаги масалалар билан бир қаторда яна бир қанча муаммолар муҳокама қилинади
Европа Иттифоқи етакчилари Россиянинг Украина билан чегарасида ҳарбийлари, Беларусдаги вазият ва миграция инқирози, коронавирус пандемияси, эмлаш ишлари, энергия нархининг ошиши ҳамда инфляция каби қатор масалаларни муҳокама қилиш учун йиғилади. Бу ҳақда «Anadolu Agency» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилдаги Европа Иттифоқи етакчиларининг сўнгги саммити 16 декабрь, пайшанба куни Бельгия ва ЕИ пойтахтида бўлиб ўтади. Германия канцлери Олаф Шольц, Австрия бош вазири Карл Нехаммер ва Швеция бош вазири Магдалена Андерссо вазифасига тайинланганидан бери илк бор Иттифоқ етакчилари саммитида иштирок этади. Саммит кун тартиби жуда кенг бўлиб, Россия–Украина муаммоси муҳим муҳокама мавзуларидан бири саналади.
Қайд этилишича, саммит иштирокчилари Украина билан чегарада ҳарбийлар сони ортиб бораётгани муносабати билан Москвага ўз норозилигини билдириши кутилмоқда. Шунингдек, раҳбарлар Россия томонидан тажовуз содир бўлган тақдирда, иқтисодий санкцияларни кучайтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш ниятида. Аммо бирор санкция тўпламининг эълон қилиниши кутилмаяпти.
«Европа Иттифоқининг баъзи давлатлари Россияга нисбатан ўта қаттиқ позицияни эгаллаган бўлса, бошқалари мулоқотга чақирмоқда», дейилади хабарда.
Келтирилишича, ЕИ давлатлари «миграция инқирозидан иттифоққа қарши восита сифатида фойдаланаётган» Беларусга ҳам ўз норозилигини билдирмоқчи. Томонлар миграция инқирозининг олдини олиш бўйича мумкин бўлган қадамларни, жумладан, чегараларда девор қуриш ва учинчи давлатлар билан мулоқотни муҳокама қилади.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига «Беларусь ҳукумати мигрантлардан сиёсий мақсадда фойдаланиши»нинг олдини олишда ёрдам сўраб, мурожаат қилганди. Шунингдек, АҚШ билан биргаликда Беларусга қарши янги санкциялар пакетини жорий қилганди.