23:16 | 21.05.21

                       

Россияда «Ғалаба боғи фалсафаси» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Китоб Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёзилган

Россиянинг Москва шаҳрида 18 май куни Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёзилган «Ғалаба боғи фалсафаси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «yuz.uz»

Хабарга кўра, тақдимот Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакат делегациясининг Россияга ташрифи доирасида ташкил этилган.

Таъкидланишича, ушбу китобда Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида бунёд этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилинган. Китобда Иккинчи жаҳон уруши йилларида «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони, учала даражадаги «Шуҳрат» орденига сазовор бўлган ватандошлар ҳамда ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши генералларининг рўйхатлари илова қилинган.

Шунингдек, мазкур китоб Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини ўрганиш ва тарғиб этишдаги манба бўлиб қолиши эътироф этилган.

Аввалроқ Тошкентда «Урушнинг кичик гувоҳлари» китобининг тақдимоти ўтказилгани хабар қилинган. Шунингдек, Президент Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш бўйича топшириқ бергани маълум қилинган.