10:15 | 31.07.24
Самарқандда синглисига севги изҳор қилган болани самосуд қилган ака қамалди.
Самарқандда ака синглисига севги изҳор қилган ўқувчини самосуд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Болалар омбудсмани матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 16 май куни Паст Дарғом тумани ИИБга 2009 йилда туғилган Б.С. тан жароҳати олгани тўғрисида унинг онаси Ж.И. дан ариза келиб тушган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, вояга етмаган Б.С. 20-мактабнинг 9-синфида таълим олиши, у шу мактабнинг 6-синф ўқувчиси бўлган қиз Қ.А.га севишини айтган. Сўнг қизнинг акаси А.Қ. ҳолатдан хабар топиб, 15 май куни болани ўз уйига олиб кириб, унга тан жароҳати етказган. Шунингдек, А.Қ. йигитнинг сочи ва қошини қайчи билан қирқиб, уйидан чиқариб юборган.
Мазкур воқеа юзасидан 19 май куни Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Маълумотларга кўра, 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судида мазкур болага зўравонлик ҳолатига оид жиноят иши суд муҳокамаси кўриб чиқилиб, А.Қ. айбдор деб топилиб, унга 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.