21:27 | 11.11.24

                       

Саудия Арабистони Ўзбекистонга 2,5 млрд доллар инвестиция киритади

2024 йил якуни билан Ўзбекистонга Саудия Арабистони компанияларининг қарийб 2,5 миллиард долларлик инвестициялари жалб этилиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига амалий ташриф доирасида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Олий даражадаги келишувлар ижроси доирасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, кооперация кўлами ва авиақатновлар сони ортиб бормоқда. 2024 йил якуни билан Ўзбекистонга Саудия Арабистони компанияларининг қарийб 2,5 миллиард долларлик инвестициялари жалб этилиши кутилмоқда.

«Яшил» энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, иссиқлик ва сув таъминоти, қишлоқ ва уй-жой коммунал хўжалиги каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги қайд этилди.