20:11 | 15.02.24

                       

Тошкентда 6 ёшли болани зўрлаган эркакка ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида болага нисбатан содир этилган жинсий жиноят юзасидан суд мажлиси ёпиқ тарзда бўлиб ўтди. Судланувчи эркак 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди, жазо қаттиқ тартибдаги колонияда ўталади.

Болалар омбудсмани Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида болага (2017 йилда туғилган) нисбатан содир этилган жинсий жиноят юзасидан ёпиқ тарзда ўтказилган суд процессида боланинг қонуний манфаатлари нуқтаи назаридан иштирок этди.

Фото: Болалар омбудсмани ахборот хизмати

Суд мазкур оғир жиноятни ҳар томонлама, холисона ўрганган равишда, ишдаги далиллардан ва иш учун аҳамиятли бошқа ҳолатлардан келиб чиқиб, судланувчини айбли деб топди ҳамда унга амалдаги қонун доирасидаги қатъий жазо чораси – 16 йил озодликдан маҳрум қилиш (қаттиқ тартибдаги колонияларда ўташ) жазосини тайинлади.

Қайд этилишича, бундай тоифадаги жиноятлар учун жавобгарликнинг янги тартибига биноан, мазкур ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг маҳкумга нисбатан жазони юмшатиш ҳеч бир чораси қўлланилмайди ва у жазони тўлиқ ўтайди.

Бугунги кунда судларимизда бола ҳуқуқларини ишончли таъминлаш борасида алоҳида қатъият ва боланинг энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга устуворлик ёндашуви мустаҳкамланиб бораётгани ниҳоятда муҳимдир. Бундай ёндашув янада барқарор давом этиши зарур, деб ҳисобламоқда Болалар омбудсмани.

«Шу ўринда таъкидлаш жоиз, болаларга нисбатан содир этилаётган бу тоифадаги жинсий жиноятларни, шу жумладан, мазкур иш материалларини ўрганиш ҳам шуни кўрсатаяптики, афсуски, бундай қабиҳ жиноятларни содир этишда жиноятчиларга боланинг айни пайтдаги қаровсизлиги, бегона шахсга ишонувчанлиги ва ундан мутлақо ҳайиқмаслиги каби ҳолатлар қўл келмоқда.

Фарзандларимизни бундай мудҳиш вазиятлардан асраш учун, энг аввало, кичик ёшдаги болажонларни имкон қадар катталар қаровисиз қолдирмаслик лозим. Шу билан бирга, болага ҳар қандай ҳолларда ҳам бегоналар билан суҳбатлашмаслик, агар шундай хавф бўлса, биринчи навбатда, ўзини қандай тутиш ва нима қилиш зарурлиги бўйича оддий қоидаларни ўргатайлик. Бундай кўникмалар болада уйда ҳам, боғча ва мактабда ҳам бирдек шакллантирилиб борилиши зарур», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланган М.Ж.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, ҳукм эълон қилинганди. 1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган М.Ж. Миробод тумани ички ишлар бўлимида профилактика инспектори бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, 2023 йил 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судида Тошкент вилояти Қибрай тумани Қўриқлаш бўлимида сафдор бўлиб ишлаган, собиқ Миллий гвардия ходими 13 ёшли қизни зўрлагани юзасидан суд жараёни якунланган. Суд ҳукмига кўра, Ш.Шарипов Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмда назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: