10:37 | 19.10.23

                       

13 ёшли қизни зўрлаган собиқ Миллий гвардия ходимига суд ҳукми ўқилди

Икки йил давомида қизнинг ота-онаси жиноят иши судга етиб боришини кутган.

2023 йил 18 октябр куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судида Тошкент вилояти Қибрай тумани Қўриқлаш бўлимида сафдор бўлиб ишлаган, собиқ Миллий гвардия ходими 13 ёшли қизни зўрлагани юзасидан суд жараёни якунланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Фото: Bugun.uz

Ш.Шарипов 2019 йил жиноятни содир этган вақтда тизимда ишламаган, кейинчалик Миллий гвардия тизимига ишга кирган.

Икки йил давомида иш судгача етиб бормаган. Жиноят иши даъво муддати ўтиб кетгани ва далиллар йўқлиги важи билан ёпилаверган. Иш Қибрай туман прокуратураси, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратурасига оширилган.

Шунингдек, жабрланувчининг ота-онаси сенаторлар ва Болалар омбудсманига ҳам мурожаат қилишган. Натижа бўлмагач, улар Sukut saqlama (Nemolchi.uz) таҳририятига мурожаат қилишган, сўнг ушбу жиноят барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилган.

Шундан сўнг, янги жиноят иши қўзғатилган. Иш Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятлар бўйича бўлим бошлиғи Қосимов Азаматга топширилган.

2023 йил 29 июл куни тергов ҳаракатлари якунланган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани судининг судяси Ж.Хожаев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра, Ш.Шарипов Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмда назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: