14:54 | 02.08.24

                       

Урганч халқаро аэропорти ўз фаолиятини қайта бошлайди

Урганч халқаро аэропорти ўз фаолиятини белгиланган вақтдан икки кун аввал бошлайди.

Урганч халқаро аэропорти ёпилгани ҳақида хабар берилган эди. Аэропорт 5 августдан ишга тушиши маълум қилинди.

Қайд этилишича, Урганч халқаро аэропорти 2024 йил 5 август куни Тошкент вақти билан соат 11:00 да ўз фаолиятини тиклайди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатдан аввалроқ якунланган. Режага мувофиқ таъмирлаш ишлари аэропортда 7 августга қадар амалга оширилиши керак эди.

Эслатиб ўтамиз, Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошлангани муносабати билан 2024 йилнинг 20 июль куни ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган. Реконструкция даврида барча рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилган ва барча йўловчилар Нукус аэропортигача транспорт билан таъминланган.

Маълумотларга кўра, Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш ишлари охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган.