14:57 | 17.09.23

                       

Ўзбекистонда пахта учун ягона нарх белгиланмади

Пахта хом ашёси учун нарх ҳар бир ҳудудда талаб ва таклиф ҳамда томонлар келишуви асосида белгиланади.

Ўзбекистонда пахта хом ашёси нархи талаб ва таклифдан келиб чиқиб томонлар келишуви асосида белгиланади. Бу ҳақда УзА хабар берди.

Қайд этилишича, Пахта хом ашёсининг нархи бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ, ҳар бир ҳудудда ўша ҳудуддаги ернинг ҳолати, пахта етиштиришга йўналтирилган сарф-харажатлар, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бевосита олувчи ва сотувчи томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда пахта терими учун янги тўлов нархлари эълон қилингани, унда 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 2100 сўмдан, иккинчи теримда 2600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши белгилангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса бундай хабарлар асоссиз эканини маълум қилиб, айни кунларда пахта теримига нарх белгилаш бўйича ишлар вазирликлар билан келишув жараёнидалигини билдирганди.

Маълумот учун, пахта терими учун тўлов нархлари ҳар йили мавсум бошланиши муносабати билан, муайян бир муддатда белгиланади ва бозор тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ҳукумат томонидан тасдиқланади. Теримнинг ҳар бир тури учун алоҳида нарх белгиланади, сўнгра ОАВ орқали эълон қилинади. Масалан, 2022 йилги терим мавсумида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 1-теримда 1500 сўмдан, 2-теримда эса 1800 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: