8:18 | 28.06.24

                       

Жиззахда санъат қурултойининг очилиш маросими бўлди

«Мақомлар жаҳон мусиқа ихлосмандлари руҳининг туганмас куч-қувват ва илҳом манбаи бўлсин». Жиззахда санъат қурултойининг очилиш маросими бўлди.

Зоминда халқаро мақом анжумани ўтказиляпти. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Жиззах вилоятининг Зомин туманида 27 июнь куни II Халқаро мақом санъати анжумани тантанали равишда очилди.

Бу анжуман давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва биринчи фестиваль 2018 йил Шаҳрисабзда ўтказилган эди. Кейинчалик пандемия туфайли кечиктирилган санъат қурултойи бу йил янгича руҳ ва шукуҳ билан қайтди. Тантанали очилиш маросимида Президент нутқ сўзлаб, мақом санъатининг тарихи ва аҳамиятини эътироф этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Мақом – умумбашарий туйғуларни авж пардаларда тараннум этадиган нодир санъат тури сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мақом санъати мусулмон Шарқидаги Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида жадал ривожланиб, юксак чўққига кўтарилган. Абу Наср Форобий ўзининг “Катта мусиқа китоби”да куйларнинг назарий ва амалий мезонларини уд сози орқали мукаммал тартибга келтирган. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларимиз ноёб мусиқий асарлар яратиб, мақом ривожига беқиёс ҳисса қўшган.

XX асрда бу анъаналарни Абдурауф Фитрат, Юнус Ражабий каби санъатшунос олимлар, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Турғун Алиматов, Фаттоҳхон Мамадалиев ва бошқа ҳофизлар муносиб давом эттирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари мақом санъатини асраб-авайлашда атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг катта ҳиссаси борлигини таъкидлади. Ўша оғир даврларда Тошкент давлат консерваториясида мақом санъатини илмий ўрганишга ва халқаро миқёсда тарғиб этишга асос солинган. Мақом ансамбли ташкил этилган. Ўлмас “Шашмақом” дурдоналари нотага олиниб, 6 жилддан иборат мукаммал китоб нашр қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мумтоз мусиқа санъатининг гултожи бўлган бетакрор мақомларимиз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган. Президент эътибори билан ушбу санъат равнақи янги босқичга чиқди. Бугунги кунда мақом бутун мамлакатимиз бўйлаб, бошланғич таълимдан тортиб, академик фан даражасигача бўлган босқичларда узлуксиз тарзда ўрганилмоқда. Тошкент шаҳрида Мақом маркази қурилмоқда. Бу йўналишда сермаҳсул ижод қилаётган бастакор, хонанда ва созандаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий танловлар ўтказиб келинмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Эзгулик ва гуманизм байроғи остида бирлашган, санъатни бутун борлиғи билан севадиган барча ижод аҳли учун ушбу фестиваль, ҳеч шубҳасиз, катта байрамдир. Мақомлар жаҳон мусиқа ихлосмандлари руҳининг туганмас куч-қувват ва илҳом манбаи бўлси», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маросимда ЮНЕСКО Бош конференцияси 42-сессияси президенти Симона Микулеску, АЙСЕСКО Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик ҳам сўзга чиқиб, иштирокчилар ва меҳмонларни қутлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, анжуманда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Туркий маданият ва мерос фонди президенти Актоти Раимкулова, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси Бош котиби Меҳмет Суреййа Эр, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов, Туркия Президентининг бош маслаҳатчиси Ялчин Топчу, Қозоғистон Президентининг маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Тожикистон Президентининг ижтимоий ривожланиш, маданият ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Абдулло Раҳмонзода, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Максутов, Озарбайжон маданият вазири Адил Габил ўғли Каримли қатнашди. Умуман, фестивалда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка қитъаларининг 80 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 400 нафар меҳмонлар иштирок этмоқда.

Тантанали тадбир мумтоз куй-қўшиқлардан тузилган концерт билан давом этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фестиваль ўтаётган Зоминсой мажмуаси байрамона безатилган. Кенг майдон бўйлаб халқимизнинг бой маданияти, зўр амалий санъатини намоён этувчи кўргазмалар ташкил этилган.