14:05 | 14.04.22

                       

«Ўзбекистон иқтисодиёти ‘асосан эркин бўлмаган мамлакатлар’ гуруҳида қолди» — Сенат раиси

Танзила Норбоева мамлакатнинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни ҳақида гапирди

Олий Mажлис Cенати раиси Танзила Норбоева 14 апрель куни ўтказилган Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг йиғилишида Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, Сенат раиси йиғилиш давомида халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) эришишдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида гапирган. Хусусан, «Мерос» жамғармасининг Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистоннинг ўрни пасайгани ҳақида тўхталиб ўтган.

«Ўзбекистон 177 та давлат орасида 117-ўринни эгаллаб, 2021 йилга нисбатан 9 пағонага пасайган ва мамлакатимиз иқтисодиёти ‘асосан эркин бўлмаган мамлакатлар’ гуруҳида қолди. Албатта, индекснинг ‘Эркин савдо’ кўрсаткичида Ўзбекистоннинг ўрни рекорд даражада яхшиланганини эътироф этиш жоиз. Ушбу индикаторда мамлакатимиз АҚШ, Япония, Хитой ва Россия сингари ривожланган давлатларни ортда қолдириб, 2021 йилдаги 163 ўриндан 67-ўринга кўтарилди ва Марказий Осиё давлатлари орасида етакчиликни қўлга киритди.

Бундан ташқари, инвестиция, молиявий эркинлик ва монетар эркинлик кўрсаткичларида сезиларли ўсиш қайд этилди. Бироқ, индекснинг айрим кўрсаткичларида самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI)га эриша олмадик», — дея таъкидлади Танзила Норбоева.

Таъкидланишича, энг ёмон кўрсаткич Олий суд масъул бўлган «Суд фаолияти самарадорлиги» йўналиши бўлган. Молия вазирлиги масъул бўлган «Солиқ юки» ва «Фискал саломатлик» кўрсаткичларида ҳам баллар пасайгани ҳисобига KPI’га эришилмаган. Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги масъул бўлган «Бизнес эркинлиги» кўрсаткичида мамлакат ўрни 14,4 баллга пасайган, Бандлик вазирлиги масъул бўлган «Меҳнат бозори эркинлиги» индексида ҳам KPI’га эришилмаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: