22:57 | 23.04.24

                       

Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси билан ҳамкорлик қилинади

Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ҳаракатлар режаси имзоланди. Чўл ҳудудларини ободонлаштиришда Хитой тажрибаси ўрганилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва Хитойнинг Ўзбекистондаги тадбиркорлари уюшмаси раиси Лю Юй ва ХХР ишбилармонлар ҳамжамияти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Маълум қилинишича, учрашувда икки давлат ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида яшил технология лойиҳаларини ишлаб чиқиш, маиший ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, экотуризм ва бошқа йўналишлар бўйича таклифлар кўриб чиқилиб, ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Хусусан, чиқиндилар, сув ресурсларини бошқариш, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига оид техник ёндашувларни кўриб чиқиш, кейинги йиллар учун техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, дастурни амалга ошириш ва лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, компаниялар ўртасида шартномалар имзолаш юзасидан фикр алмашилди.

Қолаверса, чўл ҳудудларини ободонлаштириш, кўчат экиш бўйича фермер хўжаликларини ташкил этиш, шаҳар тизимида инновацион технологияларни ўрнатиш ва оқава сувларни тозалаш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш масалаларига эътибор қаратилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Учрашув якунлари бўйича Экология вазирлиги ва Хитой тадбиркорларининг Ўзбекистондаги уюшмаси ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси имзоланди.

Маълумот учун, Ҳаракатлар режаси доирасида чиқиндиларни ёқиш заводини қуриш, юқори технологияли саноат парки, яшил ва кам углеродли саноат (экосаноат парки) яратиш, асосий ифлослантирувчи корхоналар учун онлайн экологик мониторинг тизимини жорий этиш, чиқинди сувлар, чиқиндилар, қаттиқ маиший чиқиндиларни тозалаш ускуналари, яшил тадқиқотлар ва ишланмалар соҳасида ҳамкорлик қилиш, чўлланишга қарши курашиш ва яшил зоналарни яратиш бўйича илғор тажрибалар билан билим ва тажриба алмашиш ва бошқа қатор тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: