9:01 | 10.03.22

                       

ДХХ Сурхондарёда ақидапарастлик ғояларини тарқатган эркакни қўлга олди

У диний мазмундаги материалларни Facebook’да тарқатган

Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бошқармаси вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ақидапарастлик ғояларини тарқатган эркакни қўлга олди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Facebook ижтимоий тармоғида «Охират ҳисоби» номли профил эгаси ақидапарастликни тарғиб қилувчи видеолар тарқатиб келган. Қўшма тадбир давомида профил эгаси Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Улуғбек маҳалласида яшовчи фуқаро А.Б. экани аниқланган.

Унинг профилида номаълум ижрочига тегишли бўлган «Nasheed – ахи анта хьуррун» («Брат, ты свободен») номли видео тарқатилган. Яна бир видео «Mavla va qud» («Мавлая код нашида») деб номланган. Шунингдек, Б.А.нинг телефон рақамига очилган «Telegram» мобиль иловаси орқали ҳам «3 хил одамнинг ибодати қабул бўлмайди» номли Рашодхон домланинг маърузасини тарқатилган.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасида Б.А. томонидан тарқатилган материаллар ақидапарастлик ғояларига йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.А.га Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) 3-қисми «г» бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда халқаро террорчилик гуруҳининг 24 ёшли тарафдори ушланганди. Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Тавҳид ва жиҳод катибати» террорчилик ташкилотининг бир гурух аъзолари қўлга олинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: