15:26 | 05.04.22

                       

Президент Имрон Хон билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Покистон ҳукумати раҳбарига парламент сайлови муваффақиятли ўтишини тилаган

Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни Покистон бош вазири вазифасини бажарувчи Имрон Хон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, раҳбарлар Рамазон ойи кириб келгани билан бир-бирларини табриклаб, мамлакатларнинг дўст халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилаган.

Шунингдек, 3–4 март кунлари Покистонга амалга оширилган олий даражадаги давлат ташрифи якунида қабул қилинган қўшма «йўл харитаси» ижросининг бориши кўриб чиқилган. Энг аввало, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм, маданият ва бошқа устувор йўналишлардаги кўп қиррали ҳамкорлик лойиҳа ва дастурларини ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.

Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Мулоқот якунида Ўзбекистон етакчиси Покистон ҳукумати раҳбари ва халқига ушбу мамлакатда бўлажак муҳим сиёсий тадбир — парламент сайлови муваффақиятли ўтишини тилаган.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 3–4 март кунлари Покистонда бўлганди.

Аввалроқ Покистон бош вазирига суиқасд билан таҳдид қилингани, Имрон Хон мамлакат парламенти тарқатиб юборилганидан кейин бош вазирлик лавозимидан четлаштирилгани ҳақида хабарлар берилганди. Маълум қилинишича, Имрон Хон бу лавозимда бош вазир тайинлангунга қадар фаолият олиб боради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: