13:05 | 12.04.22

                       

Ўзбекистонда камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлган аёллар ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамаси бу бўйича қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди

Вазирлар Маҳкамасининг «Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида» қарори муҳокамага қўйилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, қуйидагиларни назарда тутувчи мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тасдиқланади ва 1 майдан бошлаб кучга киради:

  • алоҳида квоталарни давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш тартиби;
  • мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларга тавсиянома бериш тартиби;
  • алоҳида тест синовларини ўтказиш тартиби.

Хотин-қизларга тавсиянома Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан бир марта берилади. Тавсиянома берилган кундан бошлаб 3 йил муддатга амал қилади.

Ушбу тартиб мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишни белгилайди.

Бунда ўқишга қабул қилиш қўмитанинг тавсияномаси асосида мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар ҳисобидан, кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига тест синовлари натижаларига асосан амалга оширилади.

Мазкур тартиб олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши ҳамда докторантура йўналишида хотин-қизлар учун, ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилишини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: