16:17 | 25.08.22

                       

Жанубий Корея Ўзбекистонда қулупнай етиштириш бўйича 3,7 млн долларлик лойиҳани амалга оширади

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва EPIS ўртасида бу бўйича битим имзоланган

22 август куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Жанубий Корея қишлоқ бирлашмаси корпорацияси (KRC), Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида таълимни ривожлантириш ва ахборот хизмати бўйича Корея агентлиги (EPIS) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Маълум қилинишича, томонлар мавжуд ва режалаштирилган қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Учрашувда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва EPIS ўртасида янги лойиҳани бошлаш бўйича келишув имзоланган. «Йил бўйи қулупнай етиштириш бўйича замонавий Корея технологияларини жорий этиш» номли ушбу лойиҳа Жанубий Корея ҳукуматининг ривожланиш бўйича расмий кўмаги (ODA) йўналишида тақдим этиладиган грант маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Қайд этилишича, 3,7 доллар қийматидаги лойиҳа 2026 йил декабрь ойига қадар амалга оширилади.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агрохизматлар маркази (AKIS) ҳудудида қуёш батареяларида ишлайдиган қулупнай етиштирувчи замонавий иссиқхона қурилади. Бундан ташқари, кореялик мутахассислар томонидан кўчатлар учун иссиқхона ҳамда юқори сифатли қулупнай кўчатларини етиштириш бўйича ин витро лабораторияси қурилиб, жиҳозланади.

Лойиҳа давомида қулупнай етиштириш бўйича мутахассисларнинг ҳар йили ўзаро ташрифлари ташкил этилиб, тажриба алмашиш ва малака ошириш кўзда тутилган. Лойиҳа ўзбек қулупнай маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда брендинги ва маркетингига кўмаклашади.

Аввалроқ Ўзбекистон биринчи ярим йилликда қарийб 450 млн долларлик мева-сабзавот экспорт қилгани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, мамлакат 7 ойда 26,6 млн АҚШ долларига тенг бўлган 98,1 минг тонна қовун ва тарвуз экспорт қилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: