11:06 | 03.10.22

                       

Асака туманининг собиқ ҳокимига мукофот пули ёзилгани аниқланди

Президент қарори билан Алихонов ноқонуний ер ажратиш иши бўйича 27 сентябрь куни ҳокимликдан бўшатилганди

Андижон вилояти Асака туманининг собиқ ҳокими Мансур Алихоновга 27 сентябрь куни лавозимдан олинган бўлсада, 30 сентябрь куни унга мукофот пули ёзилган. Бу ҳақда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ойбек Зайнобидинов фармойишида келтирилган.

Фото: Асака тумани ҳокимлиги

Фармойишда собиқ ҳоким Мансур Алихоновга меҳнат шартномасининг 4-бўлим 3-қисмига ва тасдиқланган штатлар жадвалига асосан, иш ҳақи фонди ҳисобидан 2022 йил III чорак якунлари бўйича ойлик иш ҳақини 50 фоизи миқдорида ҳамда штатлар жадвалида белгиланган моддий рағбатлантириш фонди ҳисобидан 45 фоиз миқдорида мукофот пуллари тўланиши белгиланган.

Скриншот: «E-qaror.gov.uz»

Эслатиб ўтамиз, Асака тумани ҳокими Масуржон Алихонов Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

«Асака туман ҳокими жаноб Алихонов. Ер ажратиш масаласида — 56 та қарор билан 2390 гектар ер ноқонуний ажратилган. Бир ярим йил ичида ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган. Шунинг учун бугун ҳурматли Президентимиз қарорлари билан сиз ҳам лавозимингиздан озод этиласиз, чиқиб кетинг залдан. Бу залда туришга сизнинг ҳаққингиз йўқ», — деганди Президент администрацияси раҳбари.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Ангор тумани прокурори суҳбати акс этган аудиоёзувлар тарқалганди. Ўшанда Боболовга тегишлилиги таъкидланган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар Бош прокуратура томонидан ўрганилаётгани айтилганди. 27 сентябрь кунги йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокимига иш ҳақининг 40 фоизини жарима тортиш чораси кўрилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: