8:38 | 08.10.22
Саммитда минтақавий шерикликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган
Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Саммитда Беларус президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашган.
Тадбирда келгуси ҳафтада Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилган.
«Кўп томонлама ҳамкорлик ва минтақавий шерикликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация соҳаларидаги яқин алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.
Шу билан Шавкат Мирзиёев Россияга амалий ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинни 70 йиллик юбилейи муносабати билан «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотланганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: