14:12 | 07.05.24
Автомашинани қайта рўйхатдан ўтказиш йиғими аввалги миқдорга қайтарилди. Тариф кўтарилганидан сўнг автомашинани рўйхатдан ўтказиш нархи қарийб 5 миллион сўмгача ошган эди.
ИИВ автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича бир ой аввал оширилган тарифни аввалги миқдор — БҲМнинг 10 фоизи (34 минг сўм)га қайтарди.
Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг 3 майдаги (6 май куни эълон қилинган) буйруғи билан автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари (ярим тиркамалари), электромобиллар ва мототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказганлик учун оширилган тўловлар камайтирилиши белгиланди.
Маълумтоларга кўра, 1 апрелдан автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш ставкалари 68 бараварга – БҲМнинг 10 фоизидан (34 минг сўм) 6,84 БҲМга (2,32 миллион сўм) ва электромобиллар учун 15 бараварга (1,5 БҲМ ёки 540 минг сўм) ошганди. Тариф кўтарилганидан сўнг автомашинани рўйхатдан ўтказиш нархи қарийб 5 миллион сўмгача ошди.
Янги тартиб билан автомобиллар ва электромобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар яна БҲМнинг 10 фоизигача қисқартирилди. Шу билан бирга, рўйхатга олиш тўлови (оддий автомобиллар учун 6,84 БҲМ ва электромобиллар учун 1,5 БҲМ) ўзгармади.