10:15 | 08.05.24

                       

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма бўлди

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма бўлди. Тожикистон томонда жабрланганлар борлиги айтилмоқда.

Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасида отишма юз берди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таяниб, 24.кг хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 7 май куни маҳаллий вақт билан соат 12:20 атрофида (Тошкент вақти билан 11:20) Боткен вилояти, Лайлак тумани, Оқ-Бўсоғо қишлоғи яқинида юз берган. Қирғизистон чегарачилари давлат чегараси чизиғидан 250-300 метр узоқликда Қирғизистон ҳудудида қорамол ўтлаётган Тожикистон фуқаролари — чўпонларни пайқаб қолган.

Қайд этилишича, чўпонлар чегарачиларнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этиш талабига эътибор бермай, ҳарбий хизматчиларга тош отишни бошлаган. Чўпонлардан бири Қирғизистон чегара хизмати томон бир неча марта ўқ узган.

Вазиятни кескинлаштирмаслик мақсадида Қирғизистон чегарачилари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган, шундан сўнг чўпонлар Тожикистон ҳудудига қочиб кетган. Қирғизистон чегарачилари орасида қурбонлар йўқ. Тожикистон фуқароларидан бири оёғидан яралангани айтилмоқда.

«Аммо жароҳат қандай шароитда, қачон ва қаерда олингани номаълум, чунки Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари фақат фотосуратни тақдим этган», — дейилади Чегара хизмати хабарида.

Икки давлатнинг чегара вакиллари учрашув ўтказиши кутилмоқда. Айни дамда қирғиз-тожик участкасидаги вазият барқарор деб баҳоланмоқда.

Ҳолат юзасидан Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари баёнот берди. Унга кўра, 7 май куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 ларда Тожикистон фуқароси Абдуллоев Олимжон чегара чизиғида ўғли қўлга олингани сабабли Сулукта қишлоғидаги қирғизистонлик ҳарбий хизматчиларга мурожаат қилмоқчи бўлган.

«Абдуллоев Олимжон ижтимоий мавқеига (тарих ўқитувчиси) кўра яхши қўшничилик тамойилларига зид бўлган ҳеч қандай ҳаракатларга йўл қўймаган. Бироқ унга нисбатан ўқотар қурол қўлланган, натижада у тан жароҳати олган. Ҳозирда Абдуллоэв касалхонага ётқизилган», — дейилади баёнотда.

Икки давлатнинг тегишли идоралари ушбу ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда. Чегарадаги вазият назорат остида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: