14:48 | 07.05.24

                       

Зангиотада 50 ёшли эркак қайнукасининг хотинига шилқимлик қилди

Зангиотада 50 ёшли эркак қайнукасининг хотинига шаҳвоний шилқимлик қилди. У аввал ҳам маст ҳолда ҳар хил ножўя ҳаракатлар қилгани аниқланди.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи фуқаро С.Х. 2 май куни маст ҳолда қайнукасининг турмуш ўртоғига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент вилоят суди матбуот хизмати Bugun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, 50 ёшли фуқаро С.Х. 2 май куни соат 14:00 ларда маст ҳолда қайнукасининг турмуш ўртоғи Л.Ш.га тегиниб шаҳвоний шилқимлик қилган.

Ҳолат юзасидан етиб келган Тошкент вилоят Зангиота туман ИИБ ходимларининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва шахсини аниқлаш мақсадида ҳуқуқбузарни ИИБ биносига бориш каби қонуний талабларини бажармасдан, уларга қаршилик кўрсатган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар С.Х. қилмишига тўлиқ иқрор бўлиб, мастлиги сабаб қилган ишидан пушаймонлигини, бу ҳол бошқа такрорланмаслигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган. Жабрланувчи Л.Ш.нинг кўрсатмасига кўра, ҳуқуқбузар С.Х. аввал ҳам бир неча бор маст ҳолда ҳар хил ножўя ҳаракатлар қилган.

Суд ишида ҳуқуқбузар С.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 411-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш) ва 194-моддасининг (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.

Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари — 340 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: