13:08 | 15.10.22

                       

Тошкент вилоятида 3 нафар ҳарбий хизматчи банкоматни ўмармоқчи бўлгани юзасидан маълумот берилди

Қайд этилишича, ўғрилик содир этмоқчи бўлганлар ИИВ Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчиларидир

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги «Bugun.uz»га Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида уч нафар ҳарбий хизматчи банкоматдаги пулларни ўғирлашга урингани юзасидан маълумот берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда банкоматларга 3 нафар ҳарбий хизматчи ҳужум қилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Маълум қилинишича, қўлга олинган ҳарбий хизматчиларнинг Мудофаа вазирлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ, улар Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчиларидир.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда маълумотлар тарқатишдан аввал ҳарбий хизматчилар қайси бир вазирлик ёки идора вакили эканлиги аниқлангандан сўнг, аниқ фактларга асосланган ҳолда тарқатилиши мақсадга мувофиқдир. Умумий равишда тарқатилган маълумотлар барча вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари шаънига путур етказиши мумкин», дейилади раддияда.

Маълумот учун, ҳарбий хизматчилар тоифасига Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлиги хизмати ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идораларнинг қўшинлар таркибида хизмат қилаётган шахслар киради.

Аввалроқ Тошкентда банкоматдан салкам 400 миллион сўм ўғирлаган 4 киши ҳибсга олингани ва банкоматдан пул ўғирламоқчи бўлган 21 ёшли йигит ушлангани айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: